Украина, Олимпиада, НАТО ва толиблар. Путин навбатдаги йиллик матбуот анжуманида нималар ҳақида гапирди?

Украина, Олимпиада, НАТО ва толиблар. Путин навбатдаги йиллик матбуот анжуманида нималар ҳақида гапирди?

23 декабр куни Россия президенти Владимир Путин журналистлар билан навбатдаги йиллик матбуот анжуманини ўтказди. Россия раҳбари матбуот анжумани давомида журналистларни қизиқтирган турли мавзулардаги саволларга жавоб берди.

Аҳоли сони озлиги ҳақида

Демография соҳасидаги муҳим вазифалардан бири кескин тус олмоқда. Бундай улкан ҳудуд учун 145 млн аҳоли мутлақо етарли эмас. Бизда 81 млн нафар ишга яроқли аҳоли бор. Бу кўрсаткични 2024-2030 йилларга бориб ошириш лозим.

Навальний ҳақида

Россияни енгиб бўлмайди, уни фақатгина ичидан парчалаш мумкин. Бу Биринчи жаҳон уруши даврида – аниқроғи, унинг натижасида ва 90-йилларда, совет иттифоқини парчалашганида муваффақиятли амалга оширилган. Буни ким амалга оширган? Бошқаларнинг манфаатига хизмат қилганлар. Сиз («Би-би-си» мухбири Пётр Козлов) гўёки заҳарланган одам ҳақида гапирдингиз. Мен Франция президенти, Германия канцлеридан шахсан сўрадим: заҳарланишни тасдиқлайдиган бирор далил беринглар. «Новичок» ёки бошқами, бирорта материал йўқ. Мутахассислар боришини, жиноят ишига асос бўлиши учун таҳлил олинишини таклиф қилишди. Йўқ. Ноль. Келинг, бу саҳифани ёпамиз.

Маҳкумлар ҳар бир мамлакатда бўлган ва бўлади. Жиноят қилмаслик ва сиёсатни ниқоб қилмаслик керак.

Украина ва Донбассдаги вазият ҳақида

Энди уруш-уруш-уруш дейишмоқда, гўёки янги операция тайёрланаётгандек ва Россияни унга аралашмасликка чақиришаётгандек тасаввур уйғонади. Иккинчи вариант — бу ҳудудда қурол билан таъминланган, аҳолининг мияси заҳарланган анти-Россия яратиш. Сўнгра қуролланган тизимлар остида радикалларни Донбасс масаласини қуролли йўл билан ҳал қилишга итариш. Аммо биз ўз хавфсизлигимизни таъминлашни ўйлашимиз керак, Россия бу билан қандай яшайди? Ҳамиша хавотирдами?

Донбасс келажагини Донбассда яшаётганлар белгилайди. Биз воситачимиз. Аммо муаммо бор. Россия — воситачи, бироқ бизни низо томонига айлантиришни исташяпти. Минск келишувларида бу йўқ.

Интернетдаги чекловлар ҳақида

Платформалар учун бу биринчи навбатда бизнес, улар учун фойда олиш биринчи ўринда туради. Суицидларга чорловлар ва мактаблардаги фожиалар мана шундан, охирги вақтларда юздан ортиқ ана шундай жиноятларнинг олдини олдик. Шу боис, бу платформалардан ўз ваколатхоналарини очишни талаб қиляпмиз.

Олтин оралиққа риоя қилиш керак, эркин фикр билдириш ва ахборот тарқатиш эркинлигини чекламаслик, шу билан бирга жамиятни салбий оқибатлардан ҳимоялаш. Кўплаб мамлакатларда трафикни чеклашдан тортиб блоклашгача борилади. Биз бундай чораларга қўл уришни истамасдик. Бироқ бизни бунга мажбур қилишса, талабларимизни кучайтиришга мажбур бўламиз.

Ғарб билан муносабатлар ҳақида

Келгуси ҳаракатларимиз Россия хавфсизлигини сўзсиз таъминлашдан келиб чиқади. Биз НАТОнинг шарққа кенгайишини қабул қилолмаслигимизни англатдик. Бунинг нимаси тушунарсиз? АҚШ остонамизда, биз уларникида эмас. 1990-йилларда шарққа бир дюйм ҳам силжиш бўлмайди, дейишганди. Хўш, кейин-чи? Аҳмоқ қилишди. Очиқчасига алдашди. НАТО кенгайишининг бешта тўлқини, энди Руминия ва Польшада тегишли тизимлар. АҚШ ва Буюк Британия чегараларига биз борганимиз йўқ. Улар бизга келишди. Кафолат талаб қиляпсиз. Аслида ўн йиллаб лақилламасдан, сиз кафолат беришингиз керак ва зудлик билан. Биз кимгадир хавф соляпмизми?

Биз НАТОни шарққа кенгайтирмаслик кераклигини айтгандик. Улар эса қоғозда бундай гап йўқлигини айтишди.

Толиблар ҳақида

Россия ва Афғонистон муносабатлари жуда яхши йўлга қўйилишини истардим. Аммо толибларни тан олишга келсак, воқеликдан келиб чиқиш лозим. Мамлакат раҳбариятида барча этник гуруҳлар бўлишидан келиб чиқиш керак. Ҳозирда афғон халқига ёрдам бериш зарур. Буни афғон иқтисодиёти ва афғон жамиятига зарар етказганлар қилиши керак. У ерда 20 йил юрган ва ҳамма нарсани вайрон қилганлар ёрдам бериши керак. Биринчи навбатда банклардаги маблағларга қўйилган тўсиқларни олиб ташлаш керак.

«Янгича ахлоқ» ҳақида

Янгича ахлоқ пандемияга ўхшайди. Янги штаммлари пайдо бўлади, бундан қочиб қутулишнинг иложи йўқ. Зиддизаҳар топиш керак. Кимдир аёл ва эркак бир деб ҳисобласа, виждонига ҳавола. Аммо соғлом ақл бор-ку? АҚШда зўрлаш айблови билан қамоқда ўтирган маҳбус ўзини аёл деб эълон қилди. Уни аёллар қамоқхонасига ўтказишди ва у шу заҳоти яна ўша ишини қилди. Спортчи ўзини аёл деб эълон қиляпти ва оғир атлетикада қатнашяпти. Бу кетишда аёллар спорти бутунлай йўқолиб кетади, соғлом ақл бўлиши керак ахир.

Мен она – бу она, ота – бу ота деган қараш тарафдориман. Жамиятимизда Россиядаги анъанавий конфессиялар сингдирган ички ахлоқий ҳимоя борлигига умид қиламан. Халқларимизда бу зулматга қарши ички иммун ҳимояси етарли деб умид қиламан.

Қрим ҳақида

Ғалати вазият. Агар Қрим босиб олинган бўлса, демак, қримликлар зўравонлик қурбони. Уларни нега санкциялар билан жазолаш керак? Агар референдум орқали Россия таркибига ўз ихтиёрлари билан қайтган бўлса, демак, демократияга қарши курашишяпти. Ғарб қримликларга тупурган.

Пекин Олимпиадасининг дипломатик бойкот қилиниши ҳақида

Пекиндаги Олимпиадани бойкот қилиш номақбул қарор. Мен АҚШнинг собиқ президентларидан бири билан гаплашдим. У 1980 йилдаги Олимпиадани бойкот қилиш катта хато бўлганини айтди. Улар яна ўша хатони такрорлашяпти. Бу Хитойнинг ривожланишини тўхтатишга уриниш. Спорт ва санъат халқларни ажратиши эмас, одамларни бирлаштириши керак.

Санкцияларнинг сабаби битта – эҳтимолий рақобатчиларнинг бошини кўтаришига имкон бермаслик. Хитой, албатта, дунёнинг биринчи рақамли иқтисодиётига айланади. Улар буни тушунгани учун шундай қилаётган бўлиши мумкин.

Россия президентининг бу галги матбуот анжумани 3 соат 55 дақиқа давом этди. Унда 500дан ортиқ журналист қатнашди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий