Исроил разведкаси Ҳасан Насруллоҳга зарба бериш учун 20 йил давомида маълумот йиққан

Исроил разведкаси Ҳасан Насруллоҳга зарба бериш учун 20 йил давомида маълумот йиққан
Разведкага «Ҳизбуллоҳ» Суриядаги можарода иштирок этгани ҳам ёрдам берган, бунинг оқибатида гуруҳдаги кўп нарса фош бўлган. Кузатув учун техник имкониятлар ривожланиши ҳам яна бир омил бўлди — натижада қарийб йигирма йил давомида Исроил разведкаси катта ҳажмдаги маълумотларни йиғди ва «Ҳизбуллоҳ» аъзоларининг ҳаракатларига оид энг кичик ўзгаришларни ҳам қайд этиш учун қайта ишлаш алгоритмларини мослаштира олди.

Financial Times манбаларига асосланган ҳолда Исроил қандай қилиб икки ой ичида «Ҳизбуллоҳ"нинг юқори мартабали қўмондонлари ҳамда ҳаракат етакчиси Ҳасан Насруллоҳни ўлдириш бўйича амалиётни муваффақиятли бажара олгани ҳақида ҳикоя қилди.

Исроиллик ҳарбийлар Ҳасан Насруллоҳни ўлдириш учун дастлабки уч уринишини 2006 йилда, Иккинчи Ливан уруши вақтида амалга оширганди, дея ҳикоя қилади ўша суиқасдлар тафсилотларидан хабардор бўлган икки манба Financial Times билан суҳбатда. Авиазарбалардан бири нишонга борганида «Ҳизбуллоҳ» етакчиси бу жойни тарк этиб улгурганди. Яна икки ҳолатда эса ташланган бомбалар Насруллоҳ яширинган ерости бункерининг бетон истеҳкомини бузиб ўта олмайди.

FT шундан кейин Исроил разведкасида «кенг кўламли қайта йўналтириш» бўлиб ўтади. Разведканинг собиқ катта зобити Мири Эйсиннинг сўзларига кўра, «Ҳизбуллоҳ"га унинг сиёсий амбициялари ва Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси билан ўсиб бораётган алоқалари, шунингдек Ҳасан Насруллоҳ Сурия президенти Башар Асад билан яқинлашувини ҳисобга олган ҳолда кенгроқ ракурсдан қарай бошлашади. Бундан ташқари, АМАН ҳарбий разведка бошқармаси ҳамда унинг 8200 радиотехник разведка бўлинмаси Исроил шимолий чегаралари яқинида турган «Ҳизбуллоҳ» вакиллари тўғрисида улкан ҳажмдаги маълумотларни йиғишга киришади — уларнинг сони борган сари ортиб борарди.

Исроил разведкаси фаолиятига «Ҳизбуллоҳ» 2012 йилда Суриядаги можарога қўшилгани ҳам ёрдам берган, ўшанда гуруҳ жангчилари президент Башар Асадга қуролли исённи бостириш учун ёрдамчи куч сифатида юборилганди. «Ҳизбуллоҳ» «шаҳидлар плакатлари» шаклида эълон қилиб борадиган некрологлар ҳам маълумот манбаларидан бирига айланади. Улардан ҳалок бўлган жангчи қайси шаҳарда яшаганини аниқлаш ва репост қилган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орқали унинг атрофидагилар кимлар эканини билиш мумкин эди.

Шунингдек, дафн маросимлари ҳам маълумот манбайи бўлади, FT ёзишича, одатда соя остида бўладиган юқори мартабали мулозимлар бундай маросимлардан айримларида кўриниш берарди. Натижада Исроил разведкасида «Ҳизбуллоҳ» ичидаги кучлар мувозанати бўйича нисбатан тўлиқ картина шаклланади: амалиётлар ўтказишларга кимлар масъул экани, кимнинг лавозими кўтарилгани, ким энди сафардан қайтгани ва ҳоказолар тўғрисида.

Шу билан бир вақтда, «Ҳизбуллоҳ"нинг сафлари кенгаяди, янги аъзоларни қабул қилиш жараёни эса Исроил жосуслари кириб боришига ҳамда гуруҳ ичкарисида сотилиши мумкин бўлганларни излашга қулай шароит яратади. Ливандаги юқори мартабали собиқ сиёсатчилардан бирининг сўзларига кўра, «Ҳизбуллоҳ"га Исроил ва Америка разведкаси кириб келиши «Асадни қўллаб-қувватлаш тўлови» бўлган». «Улар [«Ҳизбуллоҳ"] Сурияда очилишига тўғри келди», — дейди FT суҳбатдоши. Бу кампаниядаги иштироки даврида «Ҳизбуллоҳ» ўз маълумотларини Россия разведка хизматларига ҳам тақдим этган, уларни эса америкаликлар мунтазам равишда кузатиб боради.

Бундан ташқари, техник имкониятлар ҳам ривожланди — разведкачи сунъий йўлдошлари, янада «ақлли» дронлар ва ҳакерликдаги янги қобилиятлар пайдо бўлиши Исроил разведкасига терабайтларда ўлчанувчи улкан миқдордаги маълумотлар тўплашга имкон берди. Бу маълумотларни қайта ишлаш билан 9900 махсус бўлинмаси шуғулланади. Унинг аъзолари қатор тасвирлардаги энг кичик ўзгаришларни ҳам сезиш имконини берувчи алгоритмларни ёзади — масалан, йўл четида портловчи қурилма пайдо бўлгани ёки ерости бункери мавжудлигини кўрсатувчи бетон арматураларни пайқаш.

Шунингдек, разведка «Ҳизбуллоҳ» жангчилари ҳақидаги маълумотларни йиғади. FT суҳбатдошлари ҳикоя қилишича, уларнинг шахси бош устидан учиб ўтувчи дронлар ёрдамида ёки бузиб кирилган кузатув камераларидаги ёзувлар орқали аниқланиши мумкин; ҳатто замонавий телевизорни масофадан бошқариш пулти микрофони орқали ёзилган овоздан ҳам фойдаланилади. Идентификациядан кейин «Ҳизбуллоҳ» жангчисининг ҳар кунлик ҳаракатланиш схемаси кенг қамровли маълумотлар базасига киритилади. Маълумот турли қурилмалардан ҳам олиниши мумкин — масалан, жангарининг турмуш ўртоғининг мобилй телефони ёки автомобил одометридан.

Кундалик тартибдаги ҳар қандай бузилиш разведка зобити учун хавотирли сигнал бўлиб боради. Бу метод Исроилга, масалан, чегарадаги танкларга қарши ракеталар билан қуролланган кичик отрядларнинг ўрта бўғиндаги командирлари шахсига аниқлик киритиш имконини берган. FT манбаларига кўра, қайсидир паллада разведкачилар алоҳида командирларнинг ҳаракатини кузатган, улар Исроилга эҳтимолий ҳужум олдидан юқори раҳбарият томонидан кутилмаганда чақирилгани ёки йўқлигини текшириш учун.

Исроиллик собиқ мулозимлардан бирига кўра, шу тариқа разведка фойдаланиш учун тайёр ҳолатда бўлган кўплаб маълумотларни тўплаган. Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябридаги ҳужумидан кейин Исроил ҳарбий самолётлари разведка Ҳасан Насруллоҳ турганини кўрсатган жойни бомбалаш тўғрисидаги буйруқ билан ҳавога кўтарилган. Аммо, исроиллик расмийлардан бирининг айтишича, рейдни Оқ уй талаби билан бекор қилишга тўғри келган.

Кейинги имконият эса 27 сентябр куни туғилди, шу куни разведка яна Насруллоҳнинг жойлашувини аниқлашга муваффақ бўлганди. Олинган маълумотга кўра, у «Ҳизбуллоҳ"нинг юқори мартабали амалдорлари ҳамда Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг амалиётлар бўйича қўмондони билан учрашувга йўл олганди. Исроил ҳарбийлари Насруллоҳни бинолар мажмуси остида қурилган бункерга қадар кузатиб боради ва кейин 80 дан ортиқ бомба ташлайди.

Нетаняҳу бу кунда Ню Йоркда эди ва БМТ Бош ассамблеясида чиқиш қилади. FT маълумотига кўра, у Насруллоҳни ўлдириш бўйича амалиёт ўтказилиши ҳақида ўз нутқини бошлашдан олдинроқ хабардор қилинганди. Исроил мудофаа армияси Байрутнинг жанубий чеккасидаги «Ҳизбуллоҳ» қароргоҳи жойлашган Даҳия туманига зарбалар бергани ҳақида хабарлар тарқалгач, Нетаняҳу журналистлар билан брифингни тўхтатади, кейин эса АҚШга ташрифини муддатидан олдин якунлаб, Исроилга учиб кетади. Кейинги куни ЦАҲАЛ Насруллоҳнинг ўлими тўғрисида расман хабар беради; кўп ўтмай «Ҳизбуллоҳ» ҳаракат раҳбари ўлмини тасдиқлайди.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий