Исроил Ливанга қуруқликдан операция бошлади
Исроил мудофаа армияси 30 сентябрь куни тунда Ливан билан чегарада қуруқликдаги операция бошланганини маълум қилди.
Яҳудий армияси баёнотига кўра, Ливан жанубидаги чегара зонасидаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг объектларига қаратилган «чекланган операция» бошланган.
«Бир неча соат олдин Исроил мудофаа армияси аниқ разведка маълумотлари асосида Ливаннинг жанубидаги „Ҳизбуллоҳ“ объектлари ва инфратузилмасига қарши чекланган, маҳаллийлаштирилган ва мақсадли қуруқликдан рейдларини бошлади. Ушбу нишонлар чегара яқинидаги қишлоқларда жойлашган ва Исроил шимолидаги Исроил жамоаларига бевосита таҳдид солади», дейилади баёнотда.
Ҳарбийлар Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ва артиллерия ушбу ҳудуддаги ҳарбий нишонларга аниқ зарбалар бериб, қуруқликдаги қўшинларни қўллаб-қувватлаётганини билдирди.
Axios портали Исроил расмийларига таяниб маълум қилишича, ҳукумат йиғилишида маъқулланган Ливан билан чегарадаги операция ҳам вақт, ҳам кўлам жиҳатидан чекланган бўлади. Уларнинг сўзларига кўра, у Ливаннинг жанубий ҳудудларини босиб олишга қаратилган эмас.
Бундан ташқари Исроил Сайда шаҳридаги фаластинлик қочқинлар лагерига ҳам зарба бергани, камида 5 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)