Трамп нима сабабдан Ҳаррис билан қайта дебат ўтказмаслигини тушунтирди
Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп демократ рақиби Камала Ҳаррис билан нима сабабдан такрорий дебат ўтказмаслигини маълум қилди.
Унинг тушунтиришича, мунозара ўтказиш бефойда, чунки Ҳаррис АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден танлаган йўлни давом эттириш ниятини эълон қилган.
«Кеча Камала Жо Байдендан фарқли тарзда ҳаракат қилмаслигини аниқ айтди, шунинг учун баҳслашадиган ҳеч нарса йўқ», деб ёзди Трамп Fox News каналининг 24 ёки 27 октябрь кунлари мунозара ўтказиш таклифига жавобан. Унинг қўшимча қилишича, «реванш бўлмайди», чунки «овоз бериш аллақачон бошланган».
Трамп ва Ҳаррис ўртасидаги дебатнинг биринчи раунди 10 сентябрь куни бўлиб ўтган эди. CNN/SSRS сўровига кўра, рўйхатга олинган сайловчиларнинг 63 фоизи Ҳаррис ғалаба қозонганини айтган. Шу билан бирга, Трамп бу унинг «энг яхши дебати» эканлигини маълум қилган.
Шундан сўнг бир оз вақт ўтгач у иккинчи босқичдан воз кечганини айтиб, бу тадбир Ҳаррис учун ўз мавқейини яхшилаш учун имконият бўлишини таъкидлаган. Камала Ҳаррис иккинчи босқичга тайёр эканини айтган.
Американинг 47-президентини сайлаш учун 5 ноябрь куни АҚШ сайловлари бўлиб ўтади. New York Times ҳисоб-китобларига кўра, демократ ўз рақибидан 2 фоизга олдинда. Нашр респондентларининг ярмига яқини унга овоз беришга тайёрлигини билдирган.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)