Америка тақдирини ўзгартирган ўқ ёхуд халқ номзодларни қандай танлаши ҳақида мулоҳазалар

Америка тақдирини ўзгартирган ўқ ёхуд халқ номзодларни қандай танлаши ҳақида мулоҳазалар
Бу йил куз фасли кўпчилик мамлакатларда сайловлар фасли сифатида тарихда қоладиган бўляпти. Ҳеч шубҳасиз, сайловлар демократиянинг асосий элементларидан бири сифатида жамият ва сиёсат тараққиёти учун катта аҳамиятга эга. Шу йўл билан халқ ҳокимияти ва бошқаруви амалга ошади. Аксарият кўпчилик қатламнинг иродаси инобатга олиниб, улар ҳокимият тепасига келади. Бироқ демократиянинг тенглик тамойилига биноан, кичик овозга эга камчилик қатламнинг ҳам манфаат ва ҳуқуқлари таъминланади.


Идеал жамиятда давлат ва халқни бошқариш учун ҳар томонлама тўкис номзодлар танланиши ва уларнинг ҳам энг яхшиларига овоз берилиши керак. Агар шундай бўлганида, бошқарув ҳам идеал ҳамда муаммосиз бўларди. Айтайлик, икки номзоддан бирини сайлаш учун уларнинг билим, тажриба ва қобилиятлари, сайловолди дастури ва режалари ҳисобга олиниб, энг яхши «балл» йиға олган номзод юқори лавозимларга сайланиши керак. Бироқ халқ оммаси бундай қилмайди. Биринчидан таҳлил қилиш ва оқилона қарор чиқариш учун ҳаммада ҳам билим ва сиёсий онг етарли эмас. Иккинчидан эса, инсондан қалбдан ташқари қалб ҳам бор: у ҳиссиётлар орқали бошқарилади!

Хўш, халқ нимага асосланиб номзодларни танлайди?

Психологлар, сиёсатшунослар, маркетологлар ва бошқа туташ соҳа тадқиқотчилари бу масаласини обдан ўрганишган ва тегишли хулосалар чиқаришган. Танлов борасида бир неча назариялар ҳам ишлаб чиқилган:

Оломон эффекти

Одам бирор нарсани танлашда (хоҳ у кийим бўлсин, хоҳ тушликда нима ейиш ва хоҳ сиёсатчи номзод) аввало аксарият одамларда «бошқалар нима деяпти», деган савол туғилади. Отаси футболга қизиққан болаларнинг ҳам шу спорт турига мойиллиги юқорироқ бўлади. Тушликка чиққанда шерикларингиз танлаган овқатни сиз ҳам танлайсиз. Бирор дўкон олдида одамлар узун навбат ҳосил бўлган бўлса, сиз ҳам ўша ерга борасиз. «Шунча одам бир нарсани билса керак» деган фикр хаёлингиздан ўтади, чунки. Бу танловни эса рационал (оқилона) деб бўлмайди, албатта.

Шу боис, 1971 йилда экранларга чиққан «Омадли жентельменлар» фильмида қамоқдан қочган қаҳрамондан «Сен нега қочдинг», деб сўрашганида, «Ҳамма қочди, мен ҳам қочдим» дегани шунчаки латифа эмас, бу ҳам психологик асосларга эга.

Хулқ-атвор психологияси

2002 йилда Нобел мукофотини олган психолог Даниэл Канеман ҳам шунга ўхшаш ҳодисаларни, умуман одамнинг танлаш психологиясини ўрганиб, аввалги хулосаларга зарба берди. Авваллари сиёсатшунослик ва иқтисодиёт бўйича қонун-қоидалар ўрганилган. Одамлар ана шундай қоидалар асосида танлаб, оқилона қарор чиқаришга ҳаракат қилади, деб ҳисоблашган.

Америкалик қора танли стэнд-ап комик Дейв Шапелл 2000 йиилардаги ўз чиқишларидан бирида шундай деган эди:

«Мен президентлик сайловларида кимга овоз беришимни аниқ айта оламан. Масалан, Билл Клинтон учинчи марта номзодини сайловга қўйганида, яна унга овоз берган бўлардим, Жорж Бушга эмас. Мен сиёсатчиларнинг гапларига ва кимлигига қарамайман, мен уларнинг хатти-ҳаракатларига қарайман. Клинтон сайловчилар билан учрашувлардан бирида қора танли чақалоқни қўлига олиб, кўтарди. Ҳммм, дедим, бу одамга овоз берса бўлади, дедим. Агар унинг ўрнида Жорж Буш бўлганида, қора танли чақалоқдан жирканиб, қўлига ҳам олмаган бўларди».

Эҳтимол Клинтоннинг бу иши популистик ҳаракат бўлиши мумкин. Эҳтимол уйида ёки «ичида» у қора танлиларни ёмон кўриши мумкин. Бироқ жамиятдаги юриш-туриши ва хулқ-атвори унга муносабатни белгилаб берди. Бу хатти-ҳаракатлари билан Клинтон жамиятга «мен асил демократман, ҳамманинг манфаатларини ҳимоя қиламан» деган мужда йўллади.

Бироқ Даниэл Канеман бунга тескари фикр айтди. У ўзининг «Проспект назарияси"ни ишлаб чиқди. Булар асосида «Хулқ-атвор иқтисодиёти» тамойиллари ҳам ишлаб чиқилдики, у ердаги хулосаларни бемалол сиёсий танловларга ҳам татбиқ этиш мумкин. Зеро, юқорида зикр айтганимиздек, инсон нимани танлашидан қатъи назар, ҳамма гап унинг психологиясига бориб тақалади.

Олим Канеман ишлаб чиққан назарияга кўра, одамларнинг иқтисодий танловлари стандарт иқтисодий қарашларга тўғри келмайди. Мулоҳаза қилиш ва қарор қабул қилиш доим ҳам рационал ёки оптимал бўлавермайди. Ҳамма гап одамлар маълумотни қандай қабул қилиши ва ишлов беришига боғлиқ. Янада соддалаштириб айтганда, одамнинг онгига қандай таъсир кўрсатилса, у ташқи олам ҳақида шундай тасаввурда яшайди ва шунга мувофиқ қарорлар қабул қилади!

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий