Украина ва Россия фронтда нималарга эришди ва буёғига нима бўлади?
Томонлар 2024 йил баҳори ва ёзига турли ҳолатларда етиб келди. Конгрессда Америка ёрдами кечикиши туфайли Украина заифлашди, шунингдек, сафарбарлик тўғрисидаги қонунни қабул қилиш имиллаши туфайли Украина қуролли кучлари сафларини тўлдиришда муаммолар кузатилди. Шунингдек, украин армияси раҳбариятида ҳам ўзгаришлар рўй берди.
Россия катта йўқотишлар билан бўлса-да, украинларнинг Донецк яқинидаги муҳим қалъаси — Авдийивкани эгаллаб олди ва кичик танаффусдан кейин юришни бир неча йўналишларда давом эттирди.
Россияликлар Покровск, Часив Яр, Купянск, Лиман, Северск, Вуҳледар ва Курахово йўналишларида ҳужум бошлади.
Бундан ташқари, улар украинларнинг Херсон йўналишидаги Кринки қишлоғи ҳудудида ташкил этган плацдармини асосий кучлардан «узиб қўйиш"га ҳамда Запорижжя области Работине қишлоғи атрофидаги ҳудудларни қайтариб олишга ҳаракат қилишди.
Кремл яна иккита фронт очди. Май ойида Россия қўшини шимолдан Харкив областига бостириб кирди ва Вовчанск ҳамда Липци йўналишида ҳужум қилди, июн ойида эса Донецк области Торецк шаҳри томон юриш бошланди.
Россия қўшини барча йўналишлар бўйлаб илгарилашга эришди.
Аммо бу юришлар қанчалик муваффақиятли бўлди ва стратегик мақсадларга эришилдими — BBC украин хизмати саволларига жавоб берган ҳарбий экспертларнинг бу борадаги фикрлари бир-бириникидан фарқланади.
Уларнинг фикри бир масалада якдил: 2024 йил кузи Россия-Украина урушида ҳал қилувчи бўлиши мумкин.
Россиянинг фронтдаги асосий ютуқлари
Баҳор ва ёзда Россия қўшини Украинанинг бирорта йирик шаҳрини эгаллай олмади, аммо Покровск йўналишида 35 км, Торецк йўналишида — 9-10 км масофага олдинга силжиди, шунингдек, Вуҳледар ва Курахово атрофидаги позициялар яхшиланди.
Буларнинг барини стратегик муваффақият деб бўлмайди, дейди BBC украин хизматига «Стратегия ХХІ» Глобал тадқиқотлар марказининг хавфсизлик дастурлари раҳбари Павел Лакийчук.
«Россияликлар Бахмутдан Авдийивкага қадар стратегик ютуқни ва ушбу шаҳарлар оралиғида, Торецк ва Часив Ярдаги украин кучларини ўраб олишни режалаштирганди. Кейин эса Украина қуролли кучларининг ушбу йирик гуруҳини қириб ташлаш ўйланганди», — дея қайд этади эксперт.
Бунга эришилмади, шу туфайли Кремл тезда режа ва тактикани ўзгартиришига тўғри келди.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)