Хитой кўп қутбли дунё тўғрисида баёнот берди
Африка давлатлари халқаро ҳуқуққа асосланган тартибни ҳимоя қилиш учун Хитой билан ҳамкорликда тенг ҳуқуқ ва тартибга эга кўп қутбли дунёни қуриши керак. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И томонидан эълон қилинган баёнотда сўз боради.
«Охирги йилларда дунёда турбулентлик ва ўзгаришларнинг янги даври кузатилмоқда. Шу билан бирга, халқаро майдонда рўй бераётган воқеаларга қарамай, Хитой ва Африканинг ҳалол ва адолатли дунё тартибини таъминлашда елкама-елка туриб ишлашга бўлган интилиши ўзгаришсиз қолмоқда», — дейди дипломат.
Ван Ининг таъкидлашича, Хитой «тенг ва тартибли кўп қутбли дунё» ҳамда кенг қамровли иқтисодий глобаллашув тарафдори.
«Хитой ва Африка биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ҳақиқий кўп ёқлиликни ҳимоя қилади, гегемонизм ва протекционизмга қарши туради, халқаро ҳуқуққа асосланган халқаро тартибни қатъий қўллаб-қувватлайди. Улар, шунингдек, глобал жанубнинг умум қабул қилинган қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини қатъият билан ҳимоя қилиб, дунё тинчлиги ва глобал тараққиётни сақлашга ҳисса қўшадилар», — дея қайд этади Хитой ТИВ раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил сентябрда Хитой Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтириш истагини билдирганди. «Хитой ва Европа кўп қутбли дунёнинг йирик кучлари ва глобал тараққиётнинг асосий двигателлари сифатида бирдамлик ва ҳамкорликни янада кучайтириши керак», деган эди Хитой Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян Нью-Деҳлидаги G20 саммити чоғида Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен билан суҳбатда.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)