Исёнчилар Дамашқ қамоқхонасида кутилмаган ҳолатга дуч келишди
8 декабрь куни «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» гуруҳи бошчилигидаги исёнчилар Сурия пойтахти Дамашққа кириб борди ва президент Башар Асад режими қулаганини эълон қилди. Шу тариқа мамлакатда Асадлар оиласининг 54 йиллик бошқарув даври поёнига етди.
Исёнчилар Дамашқ четидаги Сийдная қамоқхонасидаги маҳбусларни ҳам озод қилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва фотосуратларда онаси билан бирга қамоқ жазосини ўтаган кичкина болани ҳам кўриш мумкин.
BBC хабарига кўра, мухолифат аъзолари қамоқхонанинг асосий қаватидаги барча камераларни очиб, маҳбусларни озодликка чиқарган. Аммо қамоқхона маъмурияти ўта хавфли деб ҳисобланган тутқунларни пастки махфий қаватларда сақлагани маълум бўлди.
Исёнчилар «қизил блок» ёки «ўлим камералари» деб аталган бўлмаларни очишнинг уддасидан чиқмади. Чунки тутқунгоҳнинг бу қисми мураккаб компьютер тизими орқали бошқарилган. Бунга масъул бўлган қўриқчилар эса қочиб кетган.
Дамашқ маъмурлари қамоқхонанинг қочиб кетган ходимларига мурожаат йўллаб, махфий камералар эшиги паролини маълум қилишни сўраган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, 2000 йилда отаси Ҳофиз Асаднинг вафотидан кейин ҳокимиятга келган Башар Асад 24 йиллик бошқаруви даврида минглаб мухолифларини ўлдирган ёки қамоққа ташлаган. Хусусан, 2011 йилда бошланган фуқаролик урушидан кейин Асад маъмурияти юз минглаб мухолифларини панжара ортига йўллаган.
Сийдная қамоқхонаси ҳам даҳшатли қатлгоҳ сифатида тилга тушган.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботларига кўра, ушбу қамоқхонада 2011-2018 йилларда 30 мингдан зиёд маҳбус қатл қилинган ёки очлик, хасталик туфайли вафот этган. 2018-2021 йилларда эса 500 га яқин киши қатл этилган.
2017 йилда Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Сийдная қамоқхонасини «инсоний қассобхона» деб атаган.
Бу ерда қийноқ ва жинсий зўравонлик ҳам авж олган. Яқинлари узоқ вақт давомида маҳкумнинг тирик ёки ўлик эканидан ҳам хабардор бўла олмаган.
Ота-бола Асад ҳокимияти одамларни қўрқув ва таҳликада ушлаб туриш учун қамоқхонада ақл бовар қилмас қийноқ усулларини қўллагани айтилади.
Жорий йил 27 ноябрдан кейин бирин-кетин Асад назоратидаги Ҳалаб, Идлиб, Ҳама, Ҳимс каби шаҳарларни эгаллаган исёнчилар биринчилардан бўлиб ҳар бир шаҳардаги қамоқхоналардан маҳкумларни озод қилган.
Озод қилинган маҳкумлар орасида бир неча ўн йиллар мобайнида ёруғлик кўрмаганлар ҳам борлиги хабар қилинган.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)