Америка суди суриялик “жаллод”га айблов қўйди
Америка суди суриялик жаллодга айблов қўйди, деб хабар бермоқда Bild нашри. Суриядаги собиқ қамоқхона бошлиғи ва губернатор Самир Усмон Ал-Шайх кўп йиллар давомида Башар Асад учун хизмат қилган. Лос-Анжелес федерал суди уни қийноқларда айбдор деб топди.
АҚШ Адлия вазирлиги хабарига кўра, Ал-Шайх 2005 йилдан 2008 йилгача Дамашқдаги Адра қамоқхонасини бошқарган. У маҳбусларга азоб беришни буюрган ва шахсан ўзи уларга кучли жисмоний ва руҳий азоб етказишда иштирок этган.
Таъкидланишича, Ал-Шайх маҳбусларни «жазо ҳудудига» йўналтирган, у ерда уларни калтаклашган, қўлларини шифтга осиб, махсус қурилма ёрдамида таналарини букиб, баъзи ҳолларда умуртқа поғонасини синдиришган. Бу қийноқлардан мақсад Асад режимига қарши мухолифатни бостириш бўлган.
Ал-Шайх жорий йилнинг июль ойида фирибгарликда гумонланиб, Лос-Анжелес аэропортида ҳибсга олинган эди. Жиноят ишига кўра, у Америка визаси (2020 йил) ва фуқаролиги (2023 йил) олиш учун ҳужжатлар топширганда, Суриядаги мухолифатчиларни ҳеч қачон таъқиб қилмаганини айтиб ёлғон маълумот берган. Шундан сўнг Ал-Шайх Ливанга учиб кетмоқчи бўлган.
Американинг CBS телеканали маълумотларига кўра, Ал-Шайх фаолиятини полицияда бошлаган, кейин эса сиёсий мухолифларга қарши курашиш билан шуғулланган Сурия давлат хавфсизлик хизматига ўтган. 2005 йилда у бригада генерали ва қамоқхона бошлиғи бўлган, 2011 йилда эса Асад уни Дайр аз-Зор губернатори этиб тайинлаган.
Агар Ал-Шайх айбдор деб топилса, унга қийноқлар учун 20 йилгача ва иммиграция ҳужжатлари билан боғлиқ фирибгарлиги учун 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)