Исёнчилар етакчиси Ал-Жўланий Ғарб билан мулоқот қилишни бошлади

Исёнчилар етакчиси Ал-Жўланий Ғарб билан мулоқот қилишни бошлади
Башар Асад ҳукумати ағдарилганидан 10 кун ўтиб «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» раҳбари Аҳмад Ҳуссайн аш-Шаръа (Абу Муҳаммад ал-Жўланий тахаллуси билан танилган) Ғарб билан мулоқот ўрнатишга киришди. Исёнчилар етакчиси халқаро ҳамжамиятни Асад бошқаруви даврида Сурияга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилишга чақирган. Душанба куни Аҳмад аш-Шаръа британиялик дипломатлар ва БМТ вакиллари билан учрашувлар ўтказган.
Суриялик исёнчилар етакчиси яқин вақтлар ичида Франция ва Германия вакиллари билан учрашади, Ғарбнинг бошқа мамлакатлари ҳам ҳамкорликка тайёр эканини билдирган.

Эндиликда ўзининг ҳақиқий исми-шарифи Аҳмад аш-Шаръадан фойдаланаётган Абу Муҳаммад ал-Жўланий душанба куни британлар элчиси Энн Сноу билан суҳбатда хорижга кўчишга мажбур бўлган сурияликлар ўз уйларига қайта олиши учун халқаро санкцияларни бекор қилиш зарурати ҳақида гапирган.

«Улар золим ва унинг қурбонларига қўйилган барча чекловларни олиб ташлаши лозим — золим энди йўқ. Бу масалани ортиқ чўзмаслик керак», — деган у.

Аҳмад аш-Шаръанинг сўзларига кўра, уруш ичида қолган Суриядаги исёнчи гуруҳлар тарқатиб юборилади, унинг жангчилари эса мудофаа вазирлиги ихтиёрига ўтказилади.

«Барча қонунга бўйсунади», — дея қўшимча қилган у.

Ислом динининг шиа мазҳаби оқими ҳисобланган друзлар жамоаси аъзолари (урушдан олдинги Сурия аҳлисининг 3 фоизи атрофида бўлган) қаршисидаги чиқиши вақтида у турли этник озчиликлар истиқомат қилувчи мамлакатда бирдамлик зарурлигини ҳам таъкидлаганди.

«Сурия яхлит бўлиб қолиши лозим, — деган у. — Ижтимоий адолатни кафолатлаш учун давлат ва барча динлар ўртасида ижтимоий келишув тузиш зарур».
Суриянинг янги ҳукуматининг айнан озчиликларга муносабати Ғарбнинг кўплаб мамлакатлари учун ҲТШ билан келгусидаги ҳамкорлик йўналишини белгилайди.

Эстония собиқ бош вазири, ҳозирда Еврокомиссия раҳбари ҳисобланган Кая Каллас санкциялар бекор қилиниши ва ҲТШ қора рўйхатдан чиқарилиши «янги раҳбарият томонидан ижобий қадамлар қуруқ сўзларда эмас, балки реал қадамлар ва ҳаракатларда кўриниши"га боғлиқ эканини айтди.

Бу вақтда Британия ортидан Германия ҳам Дамашқда «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» билан учрашув ўтказишни режалаштирган.

Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, Германиянинг сурияликлар билан музокараларда «Суриядаги инклюзив ўтиш жараёни ва озчиликлар ҳимояси», шунингдек, «дипломатик алоқалар имкониятлари» муҳокама қилинади.

Сешанба куни Франция ҳам ўз делегациясини Сурияга юборган. Франциянинг Сурия бўйича махсус элчиси Жан-Франсуа Гийом унинг мамлакати ўтиш даврида сурияликлар томонида бўлишини айтиб, француз делегацияси «Дамашқнинг де-факто расмийлари билан алоқа ўрнатиш» умидида эканини қўшимча қилган.

AFP журналисти элчихона ҳоллида миссия 2012 йилда якунланганидан буён илк бор француз байроғи кўтарилганига гувоҳ бўлган.

Италия бош вазири Жоржиа Мелони Башар Асад режими ағдарилгач, унинг мамлакати Суриянинг янги раҳбарияти билан мулоқот қилишга тайёрлигини айтган, аммо эҳтиёткорликка чақирган.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий