Исроил эгаллаб олган Жўлан тепаликлари қандай стратегик аҳамиятга эга?
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Суриянинг Жўлан тепаликларига қўшин тортиб борди ва ўша ердан туриб сўзлаган нутқида ҳудудни Исроилнинг ажралмас қисми деб атади. Хўш, бу тепаликнинг ҳуқуқий статуси ва геосиёсий аҳамияти қандай? «Таҳрир аш-Шом» нега Исроилнинг бу ҳаракатларига эътироз билдирмади? «Геосиёсат"да шу каби саволларга профессор Фарҳод Каримов жавоб берди.
— Жўлан тепаликларининг халқаро ҳуқуқ асосидаги мақоми қандай?
— Жўлан тепаликлари тарихан баҳсли ҳудуд бўлиб келган, минтақада ким ҳукмронлик қилишидан қатъи назар айнан шу ерларни ўзлаштиришга ҳаракат қилган. Жўлан тепаликлари Иордания, Исроил, Ливан ва Сурия давлатлари ўртасидаги доимий қизиқиш марказида бўлиб келган. Шунингдек, бу ҳудуд географик ва ҳарбий жиҳатдан ҳам жуда қулай ҳисобланади: тепаликлар минтақадаги энг катта тоғ тизмаларига эга, тарихда юз берган урушларда барча энг аввал шу тепаликларни эгаллашга уринган, сабаби тепаликдан ҳудудга чегарадош давлатларни бемалол кузатиш мумкин. Хусусан, Иордания ва Сурия ҳудудлари тепаликдан кафтдек кўринади. Шунингдек, бу тепаликлар орқали Исроилга тўғридан тўғри кириб бориш мумкин.
1967 йилда 6 кун давом этган Араб-Исроил урушида Исроилнинг қўли баланд келади, шу урушда Исроил Жўлан тепаликларининг Сурия билан чегарадош ҳудудларининг учдан икки қисмини эгаллаб, Сурия ичкарисига 20 км, баъзи жойларда 50 кмгача кириб боради ва бу ерларни аннексия қилади. 1981 йилда Исроил мазкур эгалланган жойларни мамлакатнинг сиёсий харитасига киритади, бироқ БМТ ўша йилнинг ўзида резолюция қабул қилиб (БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1981 йил 17 декабрдаги 497-резолюцияси), бу ерларни Сурия ҳудуди сифатида қолдиради. Лекин амалда ҳудуддан ҳамон Исроил фойдаланади, ҳатто у ерда 30 дан ортиқ аҳоли пунктларини ташкил қилиб, туристик зоналар ҳам барпо қилган.
1974 йилга қадар Исроил ва Сурия ўртасида катта можаролар давом этган, ўша йилга келиб улар ўртасида БМТ шафелигида отишмани тўхтатиш ва эгалланган ҳудудларни мавжуд ҳолатида қолдириш борасида сулҳ тузилади. Сулҳга кўра, икки давлат ўртасида нейтрал зона ҳам мавжуд эди, бироқ бугунги кунга келиб, Исроил айнан шу нейтрал ҳудудларни ҳам ўзига қўшиб олди. (Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурия расмий ҳукумати қулагани сабаб сулҳ ўз кучини йўқотганини иддао қилди — таҳр.)
— Ҳудуднинг минтақа давлатлари учун қандай ижтимоий аҳамияти бор?
— Жўлан тепаликлари деҳқончилик ва чорвачилик учун ниҳоятда қулай. Минтақанинг, айниқса, Исроил ва Иорданиянинг асосий сув манбайи Жўлан тепаликларида жойлашган тоғ тизмалари ҳисобланади. Бу эса ҳудудда ўз назоратини ўрнатган мамлакатга бошқаларга сув ресурслари орқали ўз таъсирини ўтказиш имконини беради.
Ҳудудда тарихдан барча цивилизация вакиллари истиқомат қилган, жумладан, насронийлар, яҳудийлар ҳамда мусулмонлар. Ҳудуд истиқомат қилишга ниҳоятда қулай иқлимга эга. Шунингдек, Жўлан тепаликларининг туристик салоҳияти ҳам жуда юқори ва Исроил у ерни аннексия қилганидан кейин ташкил қилган туристик базалардан ҳозиргача фойдаланади.
Бундан ташқари, Сурия аҳолисининг озиқ-овқат билан таъминланиши ҳам Жўлан тепаликларининг шарқий қисмига боғлиқ, Исроилнинг ҳудудни назорат қилиши эса Суриянинг унга қарамлигини оширади.
— Исроил 1974 йилги келишувни бузганига халқаро ташкилотлар ва давлатлар қандай муносабатда?
— БМТ 1981 ва 2008 йилларда махсус резолюция қабул қилиб, Исроилдан ҳудудни бўшатишни, у ерларни фақат Сурия ҳудуди сифатида тан олишини таъкидлаб келади. Бироқ Исроил АҚШнинг бевосита қўллаб-қувватлови билан ҳудудни ҳозиргача ўз назоратида ушлаб келяпти. Ҳатто АҚШдаги дунё сиёсий харитасида бу ҳудудлар Исроилга тегишли экани қайд этилган, чунки [2019 йил 25 март куни] Трампнинг биринчи президентлик даврида Қўшма Штатлар Жўлан тепаликларини Исроилнинг суверен ҳудуди деб расман тан олган.
Бироқ ҳозирда дунё ҳамжамияти бунга бутунлай қарши, хусусан, БМТ ҳам Сурияда қайси ҳукумат бўлишидан қатъи назар бу ҳудудларни Суриянинг тарихий ҳудуди сифатида тан олади ва умид қиламанки, ташкилот бу позициясидан воз кечмайди.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)