Украина тинчлик учун тайёрлигини эълон қилишга ҳозирланмоқда

Украина тинчлик учун тайёрлигини эълон қилишга ҳозирланмоқда
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп жамоаси вакиллари — миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимига номзод Майк Валс ҳамда Россия ва Украина бўйича махсус элчи лавозимига даъвогар Кейт Келлог билан учрашди. Бу ҳақда Reuters ва The Wall Street Journal (WSJ) хабар берди.
Reuters суҳбатдошлари Украина делегацияси ва Трамп жамоаси ўртасидаги учрашув тафсилотларини келтирмаган. WSJ маълумотларига кўра, мунозараларга сайланган вице-президент Ж. Д. Венс ҳам қўшилган. Бундан олдин, нашр Ермак Флоридада Трамп бошқарувида Оқ уй аппаратини бошқариши керак бўлган Сюзи Уайлс билан учрашганини қайд этган эди.

WSJ манбаларига кўра, Ермак Вашингтонга Трамп ёрдамчилари билан муносабатларни яхшилаш мақсадида ташриф буюрган. Нашрнинг таъкидлашича, Украина «тинчликка тайёрлигини билдиришни режалаштирмоқда».

«Аммо бу барқарор тинчлик бўлиши керак, беқарор, вақтинчалик тинчлик АҚШ ёки Украина манфаатларига мос келмайди», деди Киевнинг режалари билан таниш бўлган нашр суҳбатдоши.

Аввалроқ Bloomberg нашри НАТОга аъзо давлатларнинг ҳукуматлари Украинадаги урушни тугатишнинг турли сценарийларини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди.

Манбалардан бирига кўра, ўт очишни тўхтатишнинг эҳтимолий вариантларидан бири демилитаризация зонасини ташкил этишдир. НАТОнинг юқори лавозимли дипломати Европа қўшинлари бу ҳудудни қўриқлаши ва патруллик қилиши мумкинлигини айтди. Бошқа бир Ғарб дипломати бу муҳокамалар Украинадаги вазият беқарорлиги ва музокаралар яқин орада бошланиши эҳтимолидан далолат беришини таъкидлади.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий