Эрдўған ва Путин Суриядаги урушни муҳокама қилди
Сурияда ноябр ойи охирида бошланган урушда темп бироз тушган бўлса-да, кескинлик камайгани йўқ. Ҳукумат кучлари Россия ҳаво кучлари ёрдамида исёнчилар позициясига зарба бераётганига қарамай, бой берилган шаҳарларни қайтиб олгани йўқ. Бу орада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Россия президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилди.
Кремл ахборотида телефон суҳбати Туркия томони ташаббуси билан амалга оширилганига эътибор қаратилган. Путин Эрдўған билан суҳбатда ҳам Сурия ҳукумат кучларига ҳужум қилганларни террорчи гуруҳлар деб атаган ва Сурияда вазиятни барқарорлаштириш учун Анқаранинг минтақадаги имкониятларидан фойдаланишга чақирган.
Томонлар вазиятни барқарорлаштириш учун биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлаган. «Россия, Туркия ва Эроннинг биргаликда ҳаракати Суриядаги вазиятни нормаллаштириш учун ҳал қилувчи омил экани таъкидланди», дейилади Кремл хабарида. Маълумот учун, 2019 йил айнан шу уч давлат иштирокида келишув имзоланган ва кўп ўтмай Сурияда сулҳ тузилганди. Путин ва Эрдўған Суриядаги инқирозни деэскалация қилиш учун алоқада бўлиб туришга келишган.
Туркия нашрларида эса суҳбат тафсилотлари тўлиқроқ ёритилди. Унда айтилишича, Эрдўған Туркия Сурия ҳудудий яхлитлигини қўллашини айтган. Шунингдек, минтақада дипломатик мулоқот ташкил этилиши, унга Сурияни ҳам жалб этиш кераклигини қўшимча қилган. Эрдўған уруш вақтида тинч аҳоли жабрланмаслиги кераклиги, Анқара бу учун ҳамма ишни қилишини айтган, шунингдек, Суриядаги ҳолатдан фойдаланишга уринаётган Курдистон ишчи партиясини ҳам танқид қилишга улгурган.
Нега бу суҳбат муҳим?
Эрдўған ва Путин ўртасидаги суҳбат шуниси билан муҳимки, Анқара исёнчилар ҳаракатидан манфаатдор деган гаплар борган сари кўпаймоқда. Чунки турклар Идлибда хавфсиз зона яратиш истаги ҳақида анчадан бери гапириб келади. Бироқ исёнчилар ортида Туркия турганининг ҳеч қандай исботи йўқ. Эрдўған балки бундай шубҳаларни бартараф этиш учун Сурия ҳудудий яхлитлигини қўллашини айтгандир.
Путин эса табиийки Сурия ҳукумат кучларини қўллайди, чунки у Асаднинг яқин иттифоқчиси. Россия Анқарадан фарқли бу можарога расман аралашиб бўлди. Руслар Сурия ҳукумат кучларига қарши урушаётган гуруҳлар позициясига зарбалар берди, Сурияга қўшимча ҳарбий ёрдам юборилишини айтди.
Амалда Россия ва Туркия бу можаронинг икки томонида дейиш мумкин. Чунки Туркия анчадан бери Асадни музокара столига ўтқизишга интилмоқда, Эрдўған бунга Путин билан суҳбат вақтида ҳам ишора қилган.
Ҳар икки томон телефон суҳбати ҳақида хабарда ўз позициясини дипломатчасига баён қилиб кетган. Путин исёнчиларни навбатдаги марта террорчилар деди. Эрдўған эса Асадни дипломатияга ундаш кераклигини айтган. Аммо хабарларда телефон суҳбатининг асосий тафсилотлари келтирилмагани аниқ. Ҳар ҳолда икки сиёсатчининг суҳбати кескин кечмаган кўринади. Бу телефон суҳбатига алоқаси борми-йўқми, аниқ эмас, лекин суҳбатдан кейин Сурия армияси қарши ҳужумга ўтди. Ҳукумат кучлари 10 км ҳудудни қайтиб олгани айтилмоқда. Биз воқеалар ривожини кузатиб борамиз.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)