Ким Чен Ин Россиядаги КХДР қўшинларига қўмондонлик қилиш учун юқори мартабали генералини юборди
Шимолий Корея Россияга Қуруқликдаги қўшинлар Бош штаби бошлиғининг ўринбосари — генерал-полковник Ким Ён Бокни юборди. Бу ҳақда Украина ва Жанубий Кореядаги юқори мартабали амалдорларга таяниб, The Wall Street Journal хабар берди.
Қайд этилишича, генерал КХДР қўшинларининг Россия армиясига интеграцияси, шунингдек, Шимолий Корея аскарларини келгусида ҳужумни кенгайтиришга жалб қилиш учун жанг майдонидан маълумот тўплаш билан шуғулланади. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра Россияга юбориладиган Шимолий кореялик аскарлар сони охир-оқибат 100 минг кишига етиши мумкин. Ким Ён Бок жанговар ҳаракатларда иштирок этмаслиги тахмин қилинмоқда.
Авваллари ушбу генерал оммага кўриниш беравермаган, чунки у қарийб 200 минг кишилик махсус бўлинмага қўмондонлик қилган. Бўлинма вазифаси — Корея яриморолида уруш бошланиб қолса, махфий топшириқларни бажаришдан иборат.
Жанубий Корея Мудофаа таҳлили институти ходими Чон Ген Чжунинг айтишича, РФ президенти Владимир Путиннинг Пхенянга ташрифидан кейин Ким Ён Бок омма олдида кўпроқ чиқиш қила бошлаган. КХДР раҳбарияти ушбу қадамни Россияга ишончли шахс фронтга жўнатилганини кўрсатиш учун қилган.
«Шу пайтгача унинг шахсини яшириш учун кўплаб сабаблар бор эди», — дея қўшимча қилади Чон.
Генерал Ким Ён Бок карераси давомида узоқ вақт сояда қолиб келаётганди. Юқори мартабали КХДР амалдорлари, жумладан, 680 нафардан ортиқ расмий шахсларга оид маълумотларни ўзи ичига олган Жанубий Корея ҳукумати маълумотлар базасида унинг фақат исми ва лавозими кўрсатилган. Ким Ён Бокнинг ёши, туғилган шаҳри ва бошқа биографик маълумотлари ҳамон номаълум.
АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, Шимолий кореялик аскарларнинг жанговар таржибаси замонавий уруш давомида КХДРга ўзининг ҳарбий тактикаларини янгилашига хизмат қилади. Россия қўшинлари уларни артиллерия, хандақларни тозалаш ва дронлар билан ишлаш каби фронтдаги асосий кўникмаларга ўргатмоқда.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)