Андрей Сибига: УҚК қанчалик узоқроқ зарба берса, уруш шунчалик тезроқ тугайди
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига фикрича, Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба бериш қобилияти урушда «бурилиш нуқтаси» бўлиши мумкин. Бу ҳақда у 18 ноябр, душанба куни Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми билан Ню-Йоркда БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши олдидан ўтказилган қўшма брифингда маълум қилди.
«Бу бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин», деди украиналик вазир Қўшма Штатлар Киев учун Американинг узоқ масофали қуроллари билан Россиядаги ҳарбий объектларга зарба бериш бўйича чекловларни бекор қилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ тақдим этиб. «Украина қанчалик узоқроқ зарба бера олса, уруш шунчалик тезроқ тугайди».
Сибига таъкидлаганидек, Киев ҳар доим «Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба бериш ҳуқуқига эга» эканлигини таъкидлаб келади. «Бу бизнинг қонуний ҳуқуқимиз ва бу бизнинг тинч аҳолимизнинг ҳаётини сақлаб қолади», — дея қўшимча қилди Украина ташқи ишлар вазирлиги раҳбари.
Reuters: Украина Россия билан музокараларни бошлашга тайёрланмоқда
Доналд Трампнинг АҚШ президентлиги сайловидаги ғалабаси фонида Украина раҳбарияти Россия билан бўлажак тинчлик музокараларида ўзининг бошланғич позициясини мустаҳкамлаш учун қўшимча қурол-яроғ етказиб бериш ва жанг майдонидаги позицияларини сақлаб қолишга интилмоқда, деб хабар берди Reuters 11 ноябр куни. Трамп ҳокимиятга келса, Россиянинг Украинага қарши урушини «24 соат ичида» тугатишга ваъда берди.
Келгуси тўрт-беш ой урушда ҳал қилувчи бўлади, деди Reuters агентлигига исмини ошкор қилмаслик шарти билан украиналик юқори мартабали амалдор. «Бу қиш жуда муҳим вақт… Умид қиламанки, уруш ниҳоясига етяпти, энди биз музокараларда ҳар икки томоннинг позициясини аниқлаймиз», — дея суҳбатдошидан иқтибос келтиради агентлик.
Расмийнинг сўзларига кўра, Киев энди Трамп янги маъмуриятининг Украинага нисбатан қандай сиёсат олиб бориш ниятида эканлигини тушуниш учун асосий лавозимларга тайинловларни кутмоқда. Reuters суҳбатдошининг тан олишича, АҚШ янги президенти лавозимга киришганидан кейин Киевга ёрдамни қисқартириши хавфи бор. «Умид қиламанки, Байден маъмурияти ёрдам кўрсатишни тезлаштириш орқали бу хавфдан қочишга ҳаракат қилади», деди у.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)