Трамп ғалабасидан кейин Жанубий Корея Украинага қурол жўнатиш фикрини ўзгартирди
Дональд Трамп АҚШдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг, Жанубий Корея ҳукумати Украинага ҳалокатли қурол етказиб бериш имкониятини қайта кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг икки расмийсига таяниб Bloomberg хабар берди.
Қайд этилишича, эндиликда Жанубий кореяликлар республикачининг позициясини ҳисобга олиши керак. Сўнгги бир неча ҳафта ичида Сеул Россия ва КХДР ўртасидаги яқинлашиш муносабати билан Украинага ҳарбий кўмак етказиб бериш имкониятини истисно қилмаган эди.
Bloomberg суҳбатдошларидан бири Жанубий Корея Дональд Трампнинг можаро бўйича позицияси бошқа мамлакатларнинг Украинани қўллаб-қувватлашига қандай таъсир қилишини кузатаётганини айтган. Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл мамлакат иттифоқчилари билан ҳамкорликда Киевга кўмакни кенгайтиришга тайёрлигини маълум қилган. У тафсилотларга аниқлик киритмаган.
Октябрь ойи охирида Жанубий Корея мудофаа вазири Ким Ён Хён Шимолий Корея қўшинларини Россияга ўтказиш таклиф қилинганидан ташқари, Пхеньян Москвани ракета ва ўқ-дорилар билан таъминлаётгани ҳақида хабар берган.
Вазирнинг сўзларига кўра, Жанубий Кореянинг муносабати кўп жиҳатдан Россия Шимолий Кореяга қандай «ўзаро хизмат» кўрсатишига боғлиқ. Гап Украинага ҳалокатли қуроллар етказиб бериш ҳақида бормоқда. Жанубий Корея шу кунгача Украинага фақат ҳалокатли бўлмаган қуролларни жўнатган.
Россиядаги Шимолий Корея қўшинлари
Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти Шимолий Корея аскарлари ҳозирда Россия қўшинлари билан бирга Украинага қарши урушда қатнашаётгани ҳақида хабар берган эди.
Қайд этилишича, Пхеньян томонидан Россия шарқига юборилган 10 мингдан ортиқ қўшиннинг асосий қисми Курск вилоятига жўнатилган.
«У ерда Шимолий Корея аскарлари Россия қуролли кучлари билан биргаликда жанговар ҳаракатларда қатнаша бошлади», деди департамент вакили.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам Шимолий Корея аскарлари Курск вилоятида Украина армиясига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этаётганини айтган.
«КХДРнинг 11 минг аскари ҳозирда Кремль қўшинларини қўллаб-қувватлаш учун Курскда бўлиб турибди ва улар орасида талафот кўрганлар ҳам бор», деб ёзган Зеленский.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)