Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда

Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Кремль Дональд Трампнинг инаугурацияси олдидан Украина билан мумкин бўлган тинчлик музокаралари шартларини белгилашга ҳаракат қилмоқда, деб ёзади Америка урушни ўрганиш институти навбатдаги ҳисоботида.
«Кремлнинг музокара шартларини белгилашга уриниши Россиянинг мақсадлари ўзгармаслиги ва Украинани тўлиқ таслим қилишда давом этишини яққол кўрсатиб турибди», дейди таҳлилчилар.

Уларнинг фикрига кўра, Кремль янги Трамп жамоасига ҳозирги Байден маъмуриятидагидан кўра кўпроқ ён беришга тайёр эмас.

ISW «Россия Трампнинг янги маъмурияти таркибидан қатъи назар Украинадаги мақсадларини сақлаб қолади», деган хулосага келган.

«Россия музокараларда ўз ёндашуви ёки талабларини юмшатишдан манфаатдор эмас ва Россия президенти Владимир Путин 2024 йил июнь ойида аниқ белгилаб берган Украинани тўлиқ таслим қилиш мақсадини сақлаб қолади», дея таъкидлайди ISW.

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Киевга Ғарбдан ҳарбий ёрдам тўхтатилсагина тинчликка эришиш мумкинлигини айтган эди. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Трампнинг Оқ уйга келиши АҚШнинг Украина бўйича позициясини тубдан ўзгартирмаслигини таъкидлаган.
Таҳлилчиларнинг қайд этишича, Захарова ва Лавровнинг баёнотлари Россия президенти Владимир Путиннинг янги маъмурият даврида АҚШ—Россия муносабатларини тиклашга қаратилган сўнгги ҳаракатларига путур етказади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Путин Трамп маъмурияти Кремль манфаатлари ва имтиёзларини ҳеч қандай шартларсиз ҳурмат қилишини табиий деб ҳисоблайди.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий