АҚШ Киевга кенг кўламли ҳужум уюштирилиши мумкинлигидан огоҳлантирди

АҚШ Киевга кенг кўламли ҳужум уюштирилиши мумкинлигидан огоҳлантирди
АҚШнинг Киевдаги элчихонаси Украина пойтахтига йирик ҳужум уюштирилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Хабар қилинишича, ҳаво ҳужуми 20 ноябрь куни амалга оширилиши мумкин.
«Бизда эҳтимолий йирик ҳаво ҳужуми ҳақида аниқ маълумотлар бор», деди элчихона Х платформасидаги мурожаатида.

Америка фуқароларига сигнал чалинган тақдирда дарҳол хавфсиз жойга беркиниш тавсия этилган. Шу билан бирга, кенг кўламли ҳужум хавфи туфайли АҚШ, Греция, Испания ва Италия элчихоналари ўз фаолиятини тўхтатди.

Бу огоҳлантириш Россия ва Украина ўртасидаги можаронинг кучайиши фонида эълон қилинди.

АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россия ҳудудига зарба бериш учун узоқ масофали қуроллардан фойдаланишга рухсат берганидан кейин Киев ва Москва ўртасидаги вазият янада кескинлашди.

Бир кун аввал украиналик ҳарбийлар Американинг ATACMS ракеталари ёрдамида Брянск вилоятидаги ҳарбий объектни ўққа тутгани ҳақида хабар берилган эди. Россия Мудофаа вазирлиги мазкур маълумотни тасдиқлаб, ҳарбий объектга олтита узоқ масофали ATACMS ракеталари билан зарба берилганини айтган. Қайд этилишича, Американинг бешта ATACMS ракетаси уриб туширилган, биттаси шикастланган. Ракета парчалари ҳарбий объектнинг техник ҳудудига қулаган ва ҳалокат жойида ёнғин содир бўлган.

Россиянинг ядровий доктринасидаги ўзгаришлар

Шунингдек, Россия президенти Владимир Путин Россиянинг янгиланган ядровий доктринасини тасдиқлади. Россиянинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари расмий порталида Путиннинг «Россиянинг ядровий қуролдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати асосларини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони 19 ноябрь куни эълон қилинди ва кучга кирди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича «Биринчи бўлим» лойиҳаси ҳуқуқшуносларига кўра, доктринанинг асосий ўзгаришлари шундан иборатки, ҳар қандай ядрога эга бўлмаган давлатнинг, лекин ядровий давлат иштироки ёки қўллаб-қувватлаши билан Россияга қарши тажовуз уларнинг РФга биргаликдаги ҳужуми сифатида баҳоланади.

Янгиланган доктринада қайд этилишича, агар «стратегик ва тактик самолётлар, қанотли ракеталар, дронлар, гипертовушли ва бошқа самолётларнинг мамлакатга учирилиши ҳақида ишончли маълумотлар мавжуд бўлса», Москва ядровий жавоб чораларини кўриб чиқади.

Шунингдек, Россия иттифоқ давлати аъзоси сифатида Беларусга қарши тажовуз содир бўлган тақдирда ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлиги ҳам келишиб олинди. Бундан ташқари, доктринага кўра, агар «РФ суверенитети ва оддий қуроллар учун жиддий таҳдид» мавжуд бўлса, Россия ядро қуролидан фойдаланиши мумкин.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий