CNN: Эрон Исроил ҳужумларига “аниқ ва оғриқли” жавоб қайтаради
Эрон 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловлари олдидан Исроилнинг Эрон ҳудудига яқинда берган зарбасига жавоб қайтариши мумкин. Бу ҳақда CNN манбаларга таяниб хабар берди.
«Эрон Ислом Республикасининг сионистик режим тажовузига жавоби ҳал қилувчи ва оғриқли бўлади», дейди манба.
Хабарда қайд этилишича, ушбу қарор Теҳрон Исроил ҳужумининг жиддийлигини пасайтириш бўйича ўзининг дастлабки стратегиясидан воз кечаётганини кўрсатиши мумкин.
Исроилнинг Эронга ҳужуми
26 октябрь кечаси яҳудий давлати армияси Эрондаги ҳарбий объектларга ҳаво ҳужуми уюштирган эди. Ракета ишлаб чиқариш заводлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари нишонга олинган. Эрон томони ҳужум қайтарилгани, бироқ «чекланган зарар» етказилганини билдирган. Ҳужум муносабати билан Эрон Бирлашган Миллатлар ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказишга чақирган.
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Эрон «хато» қилмаслигига ва вазиятни янада кескинлаштирмаслигига умид билдирган ҳамда Исроил зарбалари ўзаро ҳужумларга чек қўйганини таъкидлаган.
Эрон президенти Масъуд Пезешкиён Исроил армиясининг ҳаво ҳужумига жавоб қайтаришга ваъда берганди.
«Биз урушни истамаймиз, аммо миллатимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, ўзимизни мудофаа қиламиз. Сионистик режимнинг тажовузига жавоб қайтарамиз», деди Пезешкиён.
У Исроил ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган тўрт нафар аскар ва ўн нафар полициячининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.
«Эрон фарзандлари ватанни ҳимоя қилиш учун жонини фидо қилди. Армиянинг жасур аскарлари, уларнинг оилалари ва қаҳрамон халқига ҳамдардлик билдираман. Эроннинг душманлари билиши керакки, бу жасур халқ қўрқмасдан ўз ерларини ҳимоя қилишга ва ҳар қандай аҳмоқликка донолик ва ақл билан жавоб қайтаришга тайёр», деган эди сиёсатчи.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)