АҚШ Россия ичкарисини ўз ракеталари билан ўққа тутишга рухсат бериши мумкин
Украина ҳукумати сўнгги ойлар мобайнида бундай тақиқни олиб ташлашни сўраб келаётганди, сешанба куни кечқурун эса журналистлар Байдендан у бу чекловни бекор қилишга қанчалик тайёрлиги ҳақида сўрашди.
Биз айни вақтда бунинг устида ишлаяпмиз», — дея жавоб қайтарган президент.
Америка қуроллари Киевга етказиб берилиши бошланганида Вашингтон нафақат минтақада, балки бутун Европада хавфли кескинлик юзага келиши мумкинлигидан хавотирланиб, ракеталар билан Россия ичкарисига зарба беришни тақиқлаганди.
Фақат РФ армияси Харкив областига иккинчи бор бостириб кирганида АҚШ Киевга Россиянинг чегарага яқин ҳудудлардаги нишонларига зарба йўллашга розилик берганди.
Кремлдагилар ҳозирча Байденнинг янги баёнотига муносабат билдирмади, аммо Россия расмийлари одатда бу борада имкон қадар қатъийроқ баёнот беришга ва бу билан ғарбнинг позициясига таъсир ўтказишга ҳаракат қилишади.
Россия давлат думаси спикери Вячеслав Володин ўз телеграм-каналида Зеленский ўз иттифоқчиларидан узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллар етказиб беришни сўраб, улар билан ракеталарни Россиядаги нишонларга қўллашни муҳокама қилиш орқали ушбу мамлакатларни Украинадаги урушнинг тўғридан тўғри иштирокчисига айлантираётганини ёзган.
»Буларнинг барчаси мамлакатимиз ўз фуқароларини ҳимоя қилиш учун янада кучлироқ ва вайронкорроқ қуроллардан фойдаланиб, жавоб қайтаришга мажбур бўлишига олиб келади», — деган Володин.
Россия президенти Владимир Путин ҳам жорий йил бошида Украинанинг Россия бўйлаб ғарб ракеталари билан зарба бериши кенг кўламли урушга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.
»Доимий эскалация жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин, — деди у май ойида. — Улар глобал можарони исташяптими?»
Оқ уй тақиқни олиб ташлаш масаласини кўриб чиқишга тайёрлиги айнан нима билан боғлиқлигига аниқлик киритилмаган.
Аммо, экспертлар фикрича, Вашингтон янги чақириқлар ва таҳдидларга реакция қилишга мажбур бўлмоқда — Россия қўшинлари фронтнинг турли участкаларида фаоллашуви ҳамда Эрон баллистик ракеталари Россияга етказиб берилиши шулар жумласидан. Айнан шу Байден маъмуриятини аввалги қарорларни қайта кўриб чиқишга ундаётган бўлиши мумкин.
Таҳлил: гап айнан қандай қуроллар ҳақида бормоқда ва узоқ масофали ракеталар фронтга қандай таъсир қилиши мумкин
Павел Аксенов, BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси:
Гап биринчи навбатда Американинг MGM-140 Army Tactical Missile System (ATACMS) баллистик ракеталари, шунингдек Британия-Франция ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган Storm Shadow (SCALP EG) қанотли ракеталари ҳақида бормоқда.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)