Байден Хитой таҳдидига қаратилган махфий ядро стратегиясини март ойида тасдиқлаган

Байден Хитой таҳдидига қаратилган махфий ядро стратегиясини март ойида тасдиқлаган
ҚШ президенти Жо Байден март ойида ўсиб бораётган ядровий арсенал туфайли Хитойни биринчи марта нишонга олган махфий стратегик ядро режасини тасдиқлади.
The New York Times (NYT) нашрига кўра, ҳужжат АҚШни Хитой, Россия ва Шимолий Корея билан мувофиқлаштирилган ядровий тўқнашувларга тайёрлашга қаратилган. Оқ уй Байденнинг ядро стратегиясини маъқуллаганини расман эълон қилмаган. АҚШ ҳукумати мазкур стратегияни тахминан ҳар тўрт йилда бир марта янгилайди.

Аввалроқ АҚШ собиқ мудофаа вазири ёрдамчиси Випин Наранг Байден ядро қуролидан фойдаланиш бўйича янгиланган йўриқномани қабул қилганини маълум қилган. Нарангнинг таъкидлашича, стратегия «ядро қуролига эга бўлган бир нечта душманларни» ва Хитой ядровий арсеналининг ҳажми ва хилма-хиллиги «сезиларли даражада ошгани"ни ҳисобга олади.

NYT’га кўра, Хитойнинг ядровий мажмуаси дунёдаги энг тез ривожланаётган ҳисобланади. Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, Хитойнинг ядро қуроллари захираси 2030 йилга бориб 1000 бирликка, 2035 йилга келиб эса 1500 бирликка кўпаяди. Мутахассисларга кўра, Хитой ҳозир заҳираларни башорат қилинганидан тезроқ тўпламоқда.

Шунингдек, Шимолий Корея ядровий кучларини икки баравар оширган ва АҚШ ҳозирда мамлакатда 60 бирикдан ортиқ қурол борлигини тахмин қилмоқда. Шимолий Кореянинг ядро арсенали ҳозирда Покистон ва Исроилнинг ядровий арсеналига яқинлашмоқда.

АҚШнинг 33-президенти Гарри Трумен давридан бери (1945-1953) Америка ядро стратегияси СССРнинг, кейин эса Россиянинг ядро арсеналига қарши қаратилган. 2020 йилда эълон қилинган Конгресс ҳисоботига кўра, Хитой Дональд Трампнинг президентлик муддати охирида чиқарилган ядровий йўриқномада тилга олинган.

Стокгольм Халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI)нинг июнь ойидаги ҳисоботига кўра, Хитой 2023 йил январидан 2024 йил январигача ядровий кучларини сезиларли даражада ошириб, 410 тадан 500 та каллакгача кўпайтирган. Таҳлилчиларнинг фикрича, ўн йиллардан сўнг Хитой «тахминан Россия ва АҚШ каби қитъалараро баллистик ракеталарга эга бўлиши мумкин», аммо Пекинда барибир Москва ва Вашингтонникидан камроқ ядро каллаклари бўлади.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий