БАА, Баҳрайн, Уммон ва Ливан Исроил вазирининг Ал-Ақсо масжидига ҳужумини қоралади

БАА, Баҳрайн, Уммон ва Ливан Исроил вазирининг Ал-Ақсо масжидига ҳужумини қоралади
Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Уммон ва Ливан ташқи ишлар вазирликлари исроиллик вазирлар ва яҳудий мутаассиблар томонидан босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига қилинган босқинни қоралади.
БАА ТИВ Исроил Қуддусдаги тарихий ва ҳуқуқий статус-квога ҳурмат кўрсатиши кераклигини таъкидлаган.

Баёнотда «Ал-Ақсо масжидини тўлиқ ҳимояга олиш ва у ердаги хавфли ҳамда провокацион қонунбузарликларни тўхтатиш зарурлиги» таъкидланган. Вазирлик, шунингдек, Исроил расмийларини «можарони тўхтатишга ва минтақада кескинликни кучайтирадиган қадамлар қўймасликка» чақирган.

Уммон ТИВ баёнотида айтилишича, «босим мусулмонларнинг ҳис-туйғуларини қўзғатган ва минтақада вазият янада кучайишига олиб келган». Баёнотда, шунингдек, халқаро ҳамжамият қонунбузарликларни қоралаб, уларнинг олдини олиш масъулиятини ўз зиммасига олишга чақирилган.

Баҳрайн ҳам Ал-Ақсо масжидига қилинган рейдни «халқаро қонунлар ва келишувларни бузувчи провокация» деб атаб, Қуддусдаги тарихий ва ҳуқуқий статус-квога ҳурмат кўрсатилишини талаб қилган.

Ливан ТИВ Исроил вазири ва юзлаб яҳудий ақидапарастларнинг Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши «Исроилнинг тизимли, провокацион, кескинлаштирувчи, рад этилган ва халқаро ҳуқуқ ҳамда қонунларни бузувчи сиёсати контекстида содир бўлгани"ни айтган. Ҳукумат халқаро ҳамжамият ва тегишли давлатларни Ғазога ҳужумни тўхтатиш учун зудлик билан қатъий чоралар кўришга чақирган.

Бир кун аввал Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир бир қатор мамлакат расмийлари билан биргаликда босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб киргани ҳақида хабар қилганди.

«Мазкур ҳудуднинг бошқаруви ва суверенитети бўйича муҳим ўзгаришлар рўй бермоқда. Яҳудийлар бу ерда ибодат қилаётганга ўхшайди. Айтганимдек, бизнинг сиёсатимиз яҳудийларнинг бу ерда ибодат қилишига рухсат беришдир», деган исроиллик вазир Ал-Ақсодан қилган видеомурожаатида.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий