Байденнинг пойгадан чиқиш қарори тафсилотлари маълум бўлди

Байденнинг пойгадан чиқиш қарори тафсилотлари маълум бўлди
Шанба куни ҳам президентнинг ёрдамчилари у Оқ уйга қайтганидан кейин иштирок этиши керак бўлган сайловолди тадбирлари жадвалини тузиш билан машғул эди. Яна ковидга чалинган Байден дам олиш кунларини Делавэр штатининг шарқий соҳилдаги қисмида жойлашган Рехобот-Бичдаги уйида
Аммо, Байденга яқин бўлган аноним манбаларга кўра, якшанба тонгига келиб президент фикрини ўзгартирган.

Шанба куни кечқурун Байден 50 йиллик сиёсий фаолияти мобайнидаги энг мураккаб қарорлардан бирини қабул қилиши ва пойгадан чиқишини эълон қилиши қанчалик тўғри бўлиши ҳақида ўйлай бошлаган.

Бу жараён давомида у ёрдамчилари билан гаплашган, улар орасида энг яқин маслаҳатчиларидан бири Стив Ричетти, унинг асосий стратеги Майк Донилон (уларнинг иккиси ҳам 2016 ва 2020 йиллардаги сайловларда номзодини қўйиш бўйича муҳим қарор қабул қилиш вақтида Байденнинг ёнида бўлган), маъмурият бошлиғи ўринбосари Энни Томасини ҳамда биринчи хоним Жилл Байденнинг маъмурияти бошлиғи Энтони Бернал бўлган.

Байден АҚШ Сенатида ишлаган чоғлариданоқ Байденнинг яқин ёрдамчиси ҳисобланган Ричетти жума куни президентнинг соҳилдаги уйига келган. Президентнинг энг муҳим сиёсий қарорларини қабул қилишда муҳим рол ўйновчи яна бир ёрдамчи Донилон эса уларга шанба куни қўшилган. Байден ва ёрдамчилари охирги сўровлар маълумотларини ўрганишган (янги маълумотлар эса оптимизм улашмаётганди) ва президент қийин шароитда Доналд Трампни қандай енгиши мумкинлигини муҳокама этишган.

Маслаҳатчилар конгрессменларнинг хавотирларини етказишган ҳамда сайлов кампанияси учун хайрия маблағлари йиғиш бўйича янгиланган статистикани, шунингдек унда ноябр ойидаги сайловларда ғалаба учун ҳеч қандай имконият қолмаганини кўрсатувчи жамоатчилик ўртасидаги сўровлар натижаларини тақдим этишган.

Қолаверса, янги ҳафтада Байденни номзодини қайтариб олишга чақириш кампаниясига Демократик партиядаги навбатдаги фигуралар қўшилиши кутилаётганди.

Байден сўровномалар натижалари туфайли ўз истиқболлари борасида шубҳалана бошлайди: унинг штаби сўнгги икки ойда илк бор июл ойи ўрталарида ўтказган сўровлар натижалари айрим муҳим штатлардаги аҳвол ўта аянчли эканини кўрсатган. Уларга кўра, Байден нафақат барча олти иккиланувчи штатларда, балки демократлар реклама учун катта ресурслар сарфлашни режалаштирмаган ва доимо демократларга мойиллик билдириб келган Виржиния ва Ню Мехико штатларида ҳам ютқазаётганди.

Президент бир қарорга келиши керак эди.

Донилон Байденнинг пойгадан чиқиш ҳақида хабар қилинадиган баёнотни тайёрлашга киришади. Ричетти эса бу баёнот қандай тарқатилиши ва аппаратнинг бошқа ходимлари бу ҳақда қандай хабардор қилиниши бўйича тафсилотларни ишлаб чиқиш билан машғул бўлади.

BBC манбаларига кўра, Байден президентлик пойгасидаги иштирокини тўхтатиш бўйича якуний қарорини якшанба тонгида қабул қилади, у бу ҳақда хабар бериш учун ўз маъмурияти бошлиғи Жефф Зиентс, ўз сайловолди кампанияси раҳбари Жен О’Мэлли Диллон ва вице-президент Камала Ҳаррисга алоҳида қўнғироқ қилади.

Якшанба куни, маҳаллий вақт билан соат 13:45 да президент Оқ уй ҳамда сайловолди штабининг энг юқори мартабали ходимлари, жумладан Оқ уйнинг коммуникациялар стратегиясига масъул бўлган Анита Данн иштирокида видеоконференция ўтказади. Бир дақиқа ўтиб у барча учун баёнот билан чиқади.

«У сўнгги бир неча кун давомида бу ҳақда ўйлаб келганини айтди», — деган Оқ уйнинг юқори мартабали ходими BBC билан суҳбатда.

Байден дастлабки баёнотида Камала Ҳаррисни президентлик учун ўз номзоди сифатида кўрсатмаган бўлса-да, ярим соат ўтиб у Х ижтимоий тармоғида (собиқ твиттер) вице-президент номзодини қўллашини тасдиқлайди.

Мулоқотдан хабардор бўлган икки манбанинг сўзларига кўра, Байден ва Ҳаррис кун давомида, президент ўз баёнотини эълон қилгунича бир неча марта гаплашишган.

Уларнинг фикрича, биринчи хоним, президентнинг яқин маслаҳатчиларидан бўлган Жилл Байден ҳам ҳал қилувчи қарорга катта таъсир кўрсатган ва турмуш ўртоғининг президентлик кампаниясини тўхтатиш истагини қўллашини билдирган.

Шу билан бирга, Оқ уй ва сайловолди штабидагиларнинг кўпчилиги Байденнинг режаси ҳақида олдиндан хабардор қилинмаган. Ходимларнинг кўпчилиги унинг пойгадан чиққани ҳақида ижтимоий тармоқлардаги хабарлардан билишган.

Президент аппарати бошлиғи Зиентс Оқ уй ходимлари билан йиғилиш ўтказган ва Байденнинг баёнотини тасдиқлаш ҳамда уларга машаққатли меҳнати учун миннатдорчилик билдириш мақсадида барча ходимларга электрон хат жўнатган.

Оқ уй баёнотида айтилишича, Байден бу вақтда Конгрессдаги бир қанча демократлар, губернаторлар ҳамда тарафдорлари билан гаплашган ва кейинги кунларда ҳам нуфузли демократлар билан қўнғироқлашишда давом этмоқчи.

Кўп ўтмай президентлик учун номзодини қўйиш ва ғалаба қозониш ниятини билдирган Камала Ҳаррис ҳам якшанба кунини конгрессменлар билан телефон орқали музокаралар ўтказишга бағишлаган.

Жумладан, у сайловда қўлловга эга бўлиш учун Вакиллар палатасидаги демократлар етакчиси Ҳаким Жеффрис ҳамда партиядаги муҳим мулозимлар ва губернаторлар билан суҳбатлашган.

Айни вақтда Ҳаррисга партия ичида жиддий рақобатчи йўқ ва у Демократик партиянинг август ойидаги қурултойида президентликка расман номзод сифатида кўрсатилиши кутилмоқда.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий