Ҳалабни кимлар ва қандай қилиб эгаллади?

Ҳалабни кимлар ва қандай қилиб эгаллади?
Сурияда сўнгги тўрт йил мобайнида деярли унутилган фуқаролик уруши яна фаол фазага ўтди. Ўтган ҳафтада исёнчилар коалицияси Ҳалабни, бу ҳафтада яна бир йирик шаҳар Ҳамани ўз назоратига олди. BBC ушбу мамлакатда нималар бўлаётгани, бу айнан нега ҳозир бошлангани, бунда Россиянинг роли қандайлиги ва Сурия можаросининг янги босқичи қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтирди.
27 ноябр, чоршанба куни исёнчи гуруҳларнинг «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги коалицияси Сурияда Башар Асад ҳукумати назорати остидаги ҳудудларга юриш бошлади.

Исёнчилар биринчи куниёқ мамлакат шимоли-ғарбидаги Ҳалаб вилоятида ҳарбий база ҳамда 15 та қишлоқ эгаллангани ҳақида хабар берди. Кейин улар мамлакатнинг иккинчи энг йирик шаҳри бўлмиш Ҳалабни пойтахт Дамашқ билан боғловчи асосий магистрални тўсиб қўйишди.

Жума кунига келиб исёнчилар аллақачон Ҳалабда эди ва шаҳардаги қадимий қалъа олдидан фотосуратлар эълон қила бошлади, бу жой 2012–2015 йилларда Асад армиясининг етиб бўлмас базасига айланганди.
Якшанба куни улар шаҳарни тўлиғича ўз назоратига олгани маълум бўлди.

Сурияда фуқаролик уруши якунига етмаганмиди?

Суриядаги фуқаролик уруши мавзуси 2020 йилдан буён жаҳон нашрлари саҳифаларидан тушиб қолганди — бу қисман Яқин Шарқдаги ва ундан ташқаридаги бошқа воқеалар туфайли, қисман ғарблик журналистлар ушбу мамлакатга кириши қийинлашгани туфайли. Аммо можаро барибир ҳал этилмаганди.

Суриядаги фуқаролик уруши 2011 йилда — «Араб баҳори» тўлқинида ҳукуматга қарши намойишлар билан бошланганди. Намойишлар турли исёнчи гуруҳлар ва ҳукумат кучлари тўқнашувларига айланиб кетади. Исёнчи гуруҳларнинг мафкуралари турлича эди, аммо уларни умумий мақсад бирлаштирган — Асад режимини ағдариш.

Турли исёнчи гуруҳларни Туркия, Саудия Арабистони, БАА каби турли давлатлар, шунингдек, «Ал-Қоида» ва ИШИД каби гуруҳлар қўллаб-қувватлаган; Асад ҳукумати эса Россия, Эрон ва «Ҳизбуллоҳ"дан ёрдам олган.

ИШИД 2014 йилда минтақадаги ҳукмрон кучга айланганида, можарога АҚШ раҳбарлигидаги халқаро коалиция ҳам аралашади. У ИШИД жангчиларига қарши курашади, аммо тўғридан тўғри Асад режимига қарши турмайди. Хусусан, курд жангчиларидан ташкил топган ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган Сурия демократик кучлари ташкилоти мамлакат ҳудудидаги ИШИД кучларини тор-мор этади.

2020 йилга келиб, биринчи навбатда Россиянинг ёрдамида Асад Сурия ҳудудларининг 70 фоиз қисми устидан назоратни тиклашга эришади.

Исёнчилар фақат мамлакат шимоли ва шимоли-шарқида, Туркия билан чегарадош ҳудудларни ўзида ушлаб қолади. Сурия шарқидаги саҳроларда эса ИШИД ячейкалари сақланиб қолган. Мамлакат шимоли-шарқидаги ҳудудлар курд айирмачилари қўлида қолган, шимолдаги чегара ҳудудларда эса Туркия армияси ва туркларга хайрихоҳ бўлган исёнчилар назорат ўрнатган.

Можаро томонлари турғун ҳолатда қолади ва Россия ҳамда Туркия воситачилигида шимоли-ғарбдаги Идлиб вилоятида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришади.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий