Асад режими яна хавф остида, уни бу сафар ҳам қутқара олишадими?
Дамашқдаги расмий ҳукумат таназзули кимларнинг манфаатига хизмат қилади? Ярим асрлик Асадлар сулоласи ағдарилса, кейинги нишон Эрондаги режим бўладими? Ҳарбий ҳаракатлар Ироққа ҳам кўчишининг эҳтимоли нега паст деб баҳоланмоқда? Kun.uz’нинг «Геосиёсат» дастурида Суриядаги вазият борасида сиёсатшунослар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
— Суҳбатимизни умумийроқ савол билан бошласак. Суриядаги ҳозирги вазият қандай?
Ҳабибуллохон Азимов: 2020 йилда, ўша пандемия даврида Суриядаги вазият минтақавий ва глобал куч марказлари томонидан келишув асосида тўхтатиб қўйилган эди. Туркия ва Россия Суриядаги вазиятга бироз танаффус бергандек эди. Орадан 4 йил ўтиб, Суриядаги ҳукуматга қарши мухолиф кучлар ёки террорчи кучлар яна фаоллашиб қолди.
27 ноябр куни Идлиб вилоятида «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи Ҳалаб томонга юриш бошлаб, шаҳарни назоратга олди. Бу вазият нимага боғланиши мумкин? Бугун халқаро майдонга қарасак, Исроил-Фаластин масаласи, ёки Эрондаги вазиятлар, ёки Украина билан боғлиқ вазиятлар бу воқеаларга сабабчи ва туртки бўлиши мумкин. Нега? Чунки охирги пайтларда Сурияни қўллаб-қувватлаган глобал кучлардан бири Россиянинг ҳарбий салоҳияти бироз камайган, Суриядан пиёда қўшинларини олиб чиқиб кетган.
Бундан ташқари, Исроил Ғазодаги, Ливандаги урушлардан кейин, яқин ойларда Жўлон тепаликларини тўлиқ эгаллаш учун ҳам ҳарбий амалиёт бошлаши мумкин. Бу Трамп ҳокимиятга келгандан кейин содир бўлиши эҳтимоли бор. Чунки АҚШ тарихида 1967 йилдан бери Трампдан бошқа бирор президент Жўлон тепаликларини Исроилга тегишли дея тан олмаган. Трамп буни тан олган эди, катта эҳтимол билан яна бу сиёсат давом этади. Бу вазиятларнинг барчаси бир-бирига боғлиқ. Тасодиф деб кўрмаслик керак, деб ўйлайман.
Шавкат Икромов: Суриядаги фуқаролик уруши натижасида, бугунги кунда мамлакат уч қисмга бўлиниб қолган.
Биринчиси — шимоли-шарқдаги курдлар. Улар мустақил ҳокимиятни амалга ошираётганди.
Иккинчиси — шимоли-ғарбдаги турли мухолифатчи исломий гуруҳлар. «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» шулар жумласидан. Бу ердаги гуруҳларни бирлаштирувчи умумий бир жиҳат — улар сунний мусулмонлардан ташкил топган мухолиф гуруҳлар. Уларнинг кўпи ғарб давлатлари томонидан террористик гуруҳлар дея эътироф этилган.
Бу гуруҳларни сиртдан Туркия қўллаб-қувватлайди деган ишонч бор. Яъни бу ҳаракатларни молиялаш, ҳарбий тайёргарликлар, операциялар учун методик тавсиялар, қўллаб-қувватлаш ва молиявий ёрдам кўрсатади, деган ишонч бор, лекин бу тўлиқ исботланган эмас. Туркия томони буни тўлиқ эътироф этмайди.
Учинчи қисм — мамлакатнинг қарийб 60 фоизи — амалдаги ҳукумат Башар Асад режими томонидан назорат қилинади.
Ўтган ой охирида мамлакатнинг Асад бошқараётган қисмига шимоли-ғарбдан, яъни Туркия қўллаши айтиладиган гуруҳлар томонидан ҳужум уюштирилди. Бир қанча гуруҳлар бирлашиб, кутилмаганда ва қисқа фурсатда Идлиб ва Ҳалаб шаҳарларини эгаллаб олди. Нимага энди айнан Идлиб ва Ҳалаб? Бу иккала шаҳар пойтахт Дамашққа яқинлашиш ва унга ҳужум қилиш учун платформа вазифасини бажара олади.
Нега бу ҳужум айнан ҳозир амалга ошаётганига келсак, Асад режимининг ашаддий қўллаб-қувватловчиси, таянчи бўлиб турган Эрон ва Россиянинг вазияти ўзгариб кетди. Уларнинг иккаласи ҳам бошқа фронтда банд бўлиб қолди. Эрон Ливанда «Ҳизбуллоҳ», Ғазода Ҳамасни қўллаб, Исроил билан тўқнашганидан ташқари, мамлакатда ҳокимият алмашгандан кейин президентликка келган Пизишкиён Ғарб билан санкцияларни юмшатиш бўйича фаол музокараларга киришди. Бу музокаралар давомида Сурияни қаттиқ қўллаб-қувватлаши шубҳа остида эди ва буни зимдан Туркия кузатиб турган эди. Қолаверса, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» каби гуруҳлар ҳам кузатиб борган ва юзага келган вазиятни инобатга олиб, ҳозир ҳужум қилишнинг айни вақти деган қарорга келган.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)