Испанияда бананлар ортилган контейнер ичидан 13 тонна кокаин топилди
Испания ҳуқуқ-тартибот органлари оғирлиги 13 тоннага тенг кокаинни тўхтатиб қолди — бу мамлакат тарихида мусодара қилинган энг катта партиядир, деб хабар беради El Mundo.
«Алхесирас портида ичида 13 тонна 62 килограмм кокаин ортилган контейнер аниқланди. Бу ҳозирга қадар Испания ҳудудида қўлга киритилган рекорд даражадаги гиёҳвандлик воситаси», — дейилади хабарда.
Таъкидланича, бу Европа ҳудудида аниқланган энг йирик иккинчи партиядир. Гиёҳвандлик воситалари Эквадордан келган, бананлар ортилган контейнер ичига яширилган. Юк Аликанте провинциясидаги компанияга етказилиши керак бўлган. Ушбу компания бир неча йил давомида Жанубий Америка мамлакатидан катта миқдорда меваларни қабул қилиб келган, аммо кейинроқ ўз фаолияти тўхтатган.
Полиция маълумотларига кўра, тинтув вақтида бир нафар гумонланувчи қўлга олинган, импорт билан шуғулланган компаниянинг икки менежери эса қидирувга берилган.
Аввалроқ Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерида — Мёнхенгладбах, Дуйсбург ва Крефелд шаҳарларида, шунингдек, Фирзен, Хайнсберг ва Нойс округларида жойлашган озиқ-овқат дискаунтерининг ўн бир шохобчасида банан қутиларидан пакетларда жами 95 килограмм кокаин топилган эди.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)