Саудия Арабистони валиаҳди унга суиқасд қилинишидан хавотир билдирди
Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси ва амалдаги ҳукмдори бин Салмон америкалик конгрессменлар билан учрашувларидан бирида Исроил билан муносабатлар барқарорлаштирилса, ўлдирилиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Учрашув чоғида у 1981 йилда Исроил билан тинчлик шартномаси тузилгани сабабли ўлдирилган Мисрнинг собиқ президенти Садатнинг тақдирини эслаган.
«Саудияликлар бундан жуда қаттиқ хавотирда ва исломнинг муқаддас қадамжолари қўриқчиси сифатида минтақамиздаги энг долзарб адолат масаласини ҳал қилмагунимча ҳаётим хавфсиз бўлмайди», дейди бин Салмон.
Унга кўра, қироллик ва Исроил ўртасидаги ҳар қандай тинчлик битими Фаластин давлатини яратиш йўлини ўз ичига олиши керак.
Кэмп Дэвид келишувлари: Исроил—Миср тинчлик шартномасининг тузилиши
1978 йилда Кэмп Дэвидда (АҚШ) бўлиб ўтган саммитда дастлабки келишув, 1979 йилда эса Вашингтонда ўша пайтдаги Исроил бош вазири Менахем Бегин ва Анвар Садат яҳудий давлати ҳамда Миср ўртасида тинчлик шартномасини имзолаган эди. Бу келишувга кўра Синай яримороли Миср назоратига ўтган ва давлатлар ўртасидаги чегара белгиланган.
Садатнинг ички ва ташқи сиёсати унинг Ғарбда машҳур бўлишига олиб келган, лекин Мисрда қўллаб-қувватловни йўқотган.
1981 йил 6 октябрда йиллик ҳарбий парадда Садат жойлашган ҳукумат минбари томон граната отилган ва ўт очилган. Суиқасд радикал исломчилардан иборат бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар томонидан амалга оширилган. Миср президенти олган жароҳатлари сабаб шифохонада вафот этган.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)