АҚШ Мадурога президентликдан воз кечиши эвазига амнистия таклиф қилди
Оқ уй махфий музокаралар давомида Николас Мадурога амнистия эвазига Венесуэла президенти лавозимидан ихтиёрий равишда воз кечишни таклиф қилди. Бу ҳақда номи ошкор этилмаган манбаларга таяниб, The Wall Street Journal (WSJ) деб хабар берди.
Қўшма Штатларда Мадуро ва унинг юқори мартабали шериклари гиёҳванд моддалар савдоси, хусусан, АҚШга кокаин олиб киришда иштирок этганликда айбланган.
Нашр манбаларига кўра, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Мадурога экстрадиция қилиш мақсадида жиноий жавобгарликка тортилмаслик кафолатини ҳам тақдим этишга ваъда берган. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Мадурога 2023 йилда Доҳадаги махфий музокаралар чоғида худди шундай шартларда амнистия таклиф қилган. Бироқ ўшанда Венесуэла президенти ҳокимиятдан муддатидан аввал воз кечиш шартларини муҳокама қилишдан бош тортган ва шундан бери унинг позицияси ўзгармаган.
9 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Мадуро Қўшма Штатлардан «Венесуэланинг ички ишларига аралашмасликни» сўраган. Агар Вашингтон унга ҳурмат кўрсаца, у билан музокараларга очиқлигини таъкидлаган.
Венесуэлада президентлик сайловлари 28 июль куни бўлиб ўтди. Мамлакат ҳукумати назоратидаги сайлов комиссиясининг маълум қилишича, икки муддат президентлик қилган Николас Мадурони сайловчиларнинг 51,2 фоизи қўллаб-қувватлаган. Бироқ халқаро кузатувчиларга сайловларда иштирок этишига рухсат берилмаган.
Мухолифатга кўра, сайлов бюллетенлари адолатли ҳисобланган тақдирда мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес сайловда тахминан 67 фоиз овоз билан ғалаба қозониши кутилган. Мадуронинг рақиблари Венесуэла бўйлаб тўғридан тўғри сайлов участкаларидан олинган бюллетенларнинг 80 фоиздан ортиғини қўллаб-қувватлаган.
Қўшма Штатлар мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалесни сайлов ғолиби деб расман эълон қилган. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Венесуэла ҳукуматини «Венесуэла сайлов қонунлари ва халқининг хоҳиш-истакларига мувофиқ ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказиш бўйича мунозараларни бошлашга» чақирган.
Европа Иттифоқи сайлов протоколларини халқаро тан олинган орган томонидан мустақил кўриб чиқишга чақирган.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)