Сирский: Украина армияси Россия ҳудудининг 1000 квадрат километр ҳудудини назорат қилмоқда
Украина ҳукумати биринчи марта Қуролли кучларининг Россиянинг Курск вилоятига қилган ҳужумига изоҳ берди. Бу ҳақда Украина Олий бош қўмондонлиги штабининг 12 август куни бўлиб ўтган йиғилишида сўз юритилди.
Украина президенти Володимир Зеленский телеграм-каналида штаб-квартира йиғилишидан видео эълон қилинди. Украина президентининг таъкидлашича, Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони генерал Олександр Сирский «фронтдаги мудофаа ҳаракатлари ва Курск вилоятидаги операция ҳақида маълумот берган».
Сирский учрашув чоғида Украина ҳарбийлари Россиянинг қанча ҳудудини назорат қилаётганини айтган. «Айни дамда Россиянинг 1000 квадрат километрга яқин ҳудуди бизнинг назоратимиз остида», деди Сирский.
Курск вилояти раҳбари Алексей Смирнов 12 август куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги 28 та аҳоли пунктини назорат қилаётганини айтди. Шу билан бирга, Украинанинг OSINT-DeepState лойиҳаси Украина қуролли кучлари Курск вилоятидаги 44 га яқин аҳоли пунктини назорат остига олганини даъво қилмоқда.
Украина Қуролли кучлари 6 августдан буён Курск вилоятида ҳужум уюштирмоқда. Дастлабки кунларда Украина армияси бир нечта аҳоли пунктларини эгаллаб олди, шундан сўнг Украина Қуролли кучларининг олдинга силжиши секинлашди.
Ҳужум чоғида Украина расмийлари ҳарбийларнинг Курск вилоятидаги ҳаракатларига очиқ изоҳ бермади, Володимир Зеленский эса 8 август куни Россия Украина тупроғига уруш олиб келгани ва «ўз қилмиши қандайлигини ҳис қилиши керак» деди.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)