ҲАМАС янги раҳбари Яҳё Синвар Исроил билан сулҳ тузмоқчи
ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюросининг аввалги раҳбари Исмоил Ҳания ўлдирилганидан сўнг, унинг ўрнига сайланган Яҳё Синвар Миср ва Қатар воситачилари орқали Исроилга сулҳни хоҳлаётгани ҳақидаги хабарни етказди. Бу ҳақда CNN ёзди.
Телеканалнинг Исроилдаги икки манбасига кўра, бош вазир Бинямин Нетаняҳу ўзининг ҳукмрон коалицияси учун қандай оқибатларга олиб келишидан қатъи назар, келишувга тайёр. Аммо Исроил хавфсизлик хизмати вакиллари коалициядаги баъзи ўта ўнг вазирларнинг қаршиликларини ҳисобга олиб, Нетаняҳу розилигига шубҳа билан қарамоқда.
Молия вазири Бецалел Смотрич келишувга қарши чиққанлардан бири бўлиб, уни «таслим бўлиш» деб атаган. Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳам эътироз билдирган.
CNN манбаларидан бири Нетаняҳу нима истаётганини «ҳеч ким билмаслигини» айтди. Шу билан бирга, АҚШ расмийлари Исроил раҳбариятига минтақавий урушнинг олдини олиш учун ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришишни кутаётганини «аниқ етказди», деди CNN манбаси.
ҲАМАС Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания 31 июлга ўтар кечаси Теҳрондаги меҳмонхонада бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлди. Исроил ҳукумати Ҳания ўлими учун расман жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Ҳания ўлимидан сўнг Эрон Исроил «барча қизил чизиқлар"ни кесиб ўтганини айтди ва «тезкор ва кескин» жавоб қайтаришга ваъда берди.
Шу билан бирга, АҚШ, Миср ва Қатар қўшма баёнотда ҲАМАС ва Исроилни зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинган исроилликларни озод қилиш бўйича келишув тузишга чақирди. Воситачиларнинг айтишича, томонлар 15 август куни музокара олиб боришини кутишмоқда. Исроил учрашувга рози бўлди, бироқ ҲАМАС ҳозирча жавоб бермади.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)