Зеленский Украина армиясининг Курскка ҳужумидан сўнг АҚШга ҳисобот берди
Украина армияси Россиянинг Курск вилоятига ҳужумидан кейин Владимир Зеленский АҚШ Конгресси вакилларига ҳисобот берди.
«АҚШ Вакиллар палатасининг икки партияли делегацияси билан учрашдим. Биз давлатимиз ва бошқа қадриятларимизни ҳимоя қилиш ҳақида суҳбатлашдик. Асосий урғу ҳаво ҳужумидан мудофаа, украиналиклар ҳаётини сақлаб қолиш ва Россиянинг бу урушни узайтириш бўйича ҳар қандай уринишларини тўхтатишга қаратилди», деб ёзди Зеленский ўзининг Telegram-каналида.
Зеленский идораси аниқлик киритишича, конгрессменлар делегацияси таркибида Дональд Норкросс, Селест Малой ва Жеймс Панетти бўлган. Улар билан учрашувда Зеленский Украина мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва қўшинларнинг устувор эҳтиёжларини батафсил муҳокама қилган.
Украина парламенти спикери Руслан Стефанчук АҚШ конгрессменлари билан учрашув чоғида Россия ҳарбий нишонларини йўқ қилиш учун ҳамкор қуроллардан фойдаланишга қўйилган барча чекловларни бекор қилиш муҳимлигини таъкидлаган.
«Шу билан бирга, Украинанинг ҳаво мудофаасини кучайтириш жуда муҳим, мен биринчи Ф-16 самолётининг Украинага келиши муҳимлигини алоҳида таъкидладим. Бу қарор Украинанинг мудофаа қобилиятини сезиларли даражада мустаҳкамлади», дея Олий Рада Стефанчукнинг сўзларидан иқтибос келтирган.
Украина махсус контингентининг Россияга ҳужуми 6 август куни кечки пайт бошланган эди. Ўшанда 1000 нафарга яқин украин аскари, 11 та танк ва 20 дан ортиқ зирҳли машина Курск чегарасини кесиб ўтган. Вилоят ҳудудига кирган аскарлар Суджа шаҳрига ҳужумлар ташкил эта бошлаган.
Ҳужум оқибатида чекка қишлоқлар аҳолисини умумий кўчириш бошланган. Маҳаллий ҳукумат аҳолини яшаш ҳудудларидан узоқлашмасликка ва барча оммавий тадбирларни бекор қилишга чақирган.
Курск бўйлаб бир қатор ҳудудларда ҳаво сигналлари ишга туширилган. Минглаб одамлар чегара ҳудудларидан эвакуация қилинган. Вилоятга қўшни ҳудудлардан юзлаб шифокорлар чақирилган. Ҳаво эскадрилияси украин бўлинмаларига қарши операцияга киришган.
Россия Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов 6 август куни Москва вақти билан соат 5:30 да Украина Қуролли кучларининг 1 минг кишигача бўлган бўлинмалари Курск вилоятига ҳужумга ўтганини маълум қилган.
«Чегарадаги Суджа шаҳри Украина томонидан оммавий ўққа тутилган. Курск вилоятидаги операция душманни енгиш ва давлат чегарасига етиб бориш билан якунланади», дея қайд этган Герасимов.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)