Тўқаев: “Марказий Осиё мудофаа соҳасида минтақавий ҳамкорлик зарур”

Тўқаев: “Марказий Осиё мудофаа соҳасида минтақавий ҳамкорлик зарур”
Марказий Осиё атрофида давом этаётган мураккаб халқаро вазият туфайли мудофаа соҳасида минтақавий ҳамкорлик зарурати пайдо бўлди, деб ёзади Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Казакстанская правда» газетасида чоп этилган мақоласида.


«Марказий Осиё периметри бўйлаб давом этаётган оғир ҳарбий-сиёсий вазият фонида мудофаа сиёсати ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик зарур», дейди у.

Унинг сўзларига кўра, минтақада хавфсизлик архитектурасини яратиш, жумладан, Марказий Осиё учун «хавфсизлик хатарлари каталоги"ни ишлаб чиқиш ва уларнинг олдини олиш чоралари айниқса долзарб бўлиб бормоқда.

Тўқаевнинг фикрича, Марказий Осиё давлатларининг асосий устувор йўналишлари «бўлинмас хавфсизлик маконини шакллантириш», таҳдидларга қарши курашнинг асосий масалаларини ҳал қилишда комплекс ёндашувларни излаш, жавоб чоралари ва олдини олиш чораларини ишлаб чиқишдир.

Қозоғистон етакчиси мудофаа соҳасида БМТ ва бошқа халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиш ҳам муҳим эканини қайд этган.

Тўқаев, шунингдек, ўз мақоласида минтақавий ҳамкорликнинг бошқа вазифаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Хусусан, иқтисодий салоҳиятни янада ривожлантириш, ресурсларга қарамликдан чиқиш, Марказий Осиёни транспорт-логистика ва транзит ҳабга айлантириш, сув, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш, ёшлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, цивилизациявий ўзига хосликни шакллантириш учун қўшма платформалар яратиш, ёш авлод салоҳиятини ривожлантириш шулар жумласидандир.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий