Украина Россиянинг Курск вилоятига қилинган ҳужумдан мақсад нима эканини маълум қилди

Украина Россиянинг Курск вилоятига қилинган ҳужумдан мақсад нима эканини маълум қилди
Украина Қуролли кучларининг Россиянинг Курск вилоятига ҳужумидан мақсад Киевнинг музокаралардаги позициясини мустаҳкамлашдир, деди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк. Бу ҳақда Strana хабар берди.


«Улар қўрқувдан бошқа нарсага муносабат билдираяптими? Йўқ, ниҳоят буни англаб олиш керак. Россия ҳар қандай муросани заифлик ва музокаралар столига ўтиришга тайёрлик деб билади. Улар музокара столига ўтирганида фақат уруш уларнинг сценарийси бўйича кетмаётганини тушунсагина бирор нарсани ундириш, эришиш мумкин», деди Подоляк.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, ҳарбий операцияларнинг Россия ҳудудига чуқурроқ кириб бориши россияликларни «қўрқитади» ва уларнинг Путинга муносабатини ёмонлаштиради.

Курск вилоятига оммавий ҳужумлар 6 август куни эрталаб бошланган эди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украина қуролли кучлари танклар ва зирҳли техникалар кўмагида сешанба куни Москва вақти билан соат 8:00 дан бошлаб Россиянинг Украина билан чегарадаги Николаево-Дарино ва Олешня аҳоли пунктлари ҳудудларидаги позицияларига ҳужум қилган.

Кейинроқ, Россия армияси бош штаби раҳбари Валерий Герасимов президент Владимир Путин билан учрашувда Украинанинг Курск вилоятига ҳужумидан мақсад Суджа округи ҳудудининг бир қисмини эгаллаб олиш эканлигини айтди. Унга кўра, Украина Қуролли кучларининг минг кишигача бўлган бўлинмалари шу мақсадда 6 август куни Москва вақти билан соат 5:30 да ҳужумга ўтган. Курск вилоятида фавқулодда ҳолат жорий этилди.

7 август куни Мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар Курск вилоятида «Украина қуролли кучлари бўлинмаларини йўқ қилиш операцияси"ни давом эттираётганини маълум қилди. 8 август куни Украина армиясининг олдинга силжишига йўл қўйилмади, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги. Уларнинг қўшимча қилишича, Россия томони Суми вилоятидаги Украина Қуролли кучларининг олдинга силжиб бораётган захираларига ҳам ҳаво зарбалари берган.

Курск вилояти раҳбари ўринбосари вазифасини бажарувчи Андрей Белостоцкий 8 август куни Курск вилоятидаги ҳужумлар оқибатида 4 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Курск вилоятининг чегара ҳудудларидан уч мингга яқин тинч аҳоли эвакуация қилинди, уларнинг ярми вақтинчалик жойлаштириш марказларида, деб қўшимча қилди у. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, жабрланганларнинг 34 нафари шифохонада даволанмоқда, улардан беш нафари бола.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий