Европа Иттифоқи Грузияни жиддий «жазоламоқчи»
Европа Иттифоқи яқин орада Грузия фуқароларининг Шенген ҳудуди мамлакатларига визасиз саёҳат қилиш ҳақидаги келишувни тўхтатиш масаласини кўриб чиқади. Бу ҳақда ЕИнинг Тбилисидаги элчиси Павел Герчинский Movement порталига берган интервьюсида маълум қилди.
Дипломат бу қадамга Грузия парламенти томонидан нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг Адлия вазирлигининг махсус реэстрида рўйхатга олинишини назарда тутувчи «Ташқи таъсирнинг очиқлиги тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилингани сабаб бўлганини яширмади. Грузияда «Россия қонуни» сифатида машҳур бўлган бу лойиҳа яқинда парламент спикери томонидан имзоланди.
Павел Герчинскийнинг таъкидлашича, Европа Кенгашининг июнь ойида бўлиб ўтадиган йиғилишида қарор қабул қилиш учун «Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг ярмидан бир оз кўпроқ овози» етарли.
«Биз Грузия билан виза режимини либераллаштириш бўйича келишиб олдик, лекин маълум шартлар билан. Энди биз бу шартлар амалда ёки йўқлигини текширишимиз керак», — таъкидлади Европа Иттифоқи вакили. Шу билан бирга, у Грузиянинг оддий фуқаролари бундай қарордан азият чекишини таъкидлади, бу ЕИнинг мақсади эмас. Расмий равишда, визасиз режимнинг тўхтатилишига Тбилисининг Европа Иттифоқи олдидаги мажбуриятларини, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари ва демократик меъёрларни ҳурмат қилиш бўйича мажбуриятларини бажармагани сабаб бўлиши мумкин.
Бугун, 5 июнь куни Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе элчи Герчинскийга жавоб қайтарди. Бош вазирнинг айтишича, дунёда ҳеч ким «грузин халқини жазолай олмайди».
манба:zamin.uz
Комментарии (0)