Дания Фаластинни давлат сифатида тан олишдан бош тортди

Дания Фаластинни давлат сифатида тан олишдан бош тортди
Дания парламенти Фаластинни давлат сифатида тан олиш ҳақидаги қонун лойиҳасига қарши овоз берди. Бу ҳақда Reuters хабар берди. Ҳужжатнинг қабул қилинишига 83 депутат қарши чиқди, 21 депутат ёқлаб овоз берди, яна икки нафари бетараф қолди. Фаластин давлатини тан олиш таклифи февраль ойи охирида тўртта мухолифат партияси томонидан илгари сурилганди. Апрель ойида Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен уни муҳокама қилиш чоғида Фаластин давлатини тан олиш учун «ҳеч қандай дастлабки шартлар» йўқлигини айтди.

Бироқ овоз бериш куни Расмуссен «парламент резолюцияни қўллаб-қувватлай олмаса-да, буни қила оладиган кун келишини хоҳлаймиз», дея қўшимча қилди.

10 май куни БМТ Бош ассамблеяси Фаластиннинг ташкилотга аъзо бўлишини (аммо унга ҳали ҳам овоз бериш ҳуқуқини бермаяпти) резолюцияни қабул қилганидан сўнг Расмуссен бу қарорни қўллаб-қувватлади.

«Бугун Фаластинга биз БМТда кучлироқ овоз берамиз. Умид қиламанки, бугунги резолюция Фаластин халқи учун мана шу қоронғи кунларда келажакка умид чироғи бўла олади. Дания икки давлат ечимини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда», — деган эди у.

22 май куни Европанинг учта давлати — Испания, Норвегия ва Ирландия Фаластинни расман давлат сифатида тан олишини маълум қилди. Мазкур қарор 28 майдан кучга кирди.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий