Украина инқирози. Байден Зеленскийни реал хавф ҳақида огоҳлантирган

Украина инқирози. Байден Зеленскийни реал хавф ҳақида огоҳлантирган

АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг Украинага қарши навбатдаги агрессияси рўй бериши эҳтимоли бўйича сўнгги ҳафталарда учинчи марта украинлар етакчиси Владимир Зеленский билан гаплашди.

Декабрь ойи бошидан буён АҚШ ва Украина президентлари уч бор мулоқот қилди / Reuters
Оқ уй сайтида ушбу мулоқот бўйича берилган ҳисоботда президент яна бир бор Россия Украинага бостириб киргудек бўлса, Қўшма Штатлар иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан биргаликда «қатъият билан жавоб қайтариши»ни таъкидлаган. Шу билан бирга, Оқ уй вакилининг сўзларига кўра, Байден россияликларнинг Украинага ҳужуми февралда рўй бериши мумкинлигини айтган.
Версиялар ва раддиялар
Байденнинг Зеленский билан мулоқотидан кейин журналистлар икки мамлакат раҳбарлари айнан нималарни муҳокама қилгани бўйича ўз тахминларини билдира бошлади.
CNN’нинг хавфсизлик масалалари бўйича катта корреспонденти Александер Маркардт твиттердаги саҳифасида АҚШ президенти босқин муқаррар эканини айтгани ҳақида ёзган. «Юқори мартабали украиналик амалдор mchancecnn’га Байден Зеленскийга Россия босқинидан энди қочиб қутулиб бўлмаслиги, ер музлаши билан улар ҳужумга ўтиши ҳақида айтганини хабар қилган. Ушбу амалдорга кўра, Байден Киев «қамал қилиниши» мумкинлиги, россиялик ҳарбийлар шаҳарни эгаллаб олишга уриниши мумкинлиги, «зарбага тайёр туриш кераклиги»ни айтган», дея тасдиқлайди журналист.
Аввалроқ айрим ҳарбий экспертлар Россия оғир техникаларини ботқоқлик ҳудудларида ҳаракатлантириш осон бўлиши учун Украина ерлари музлашини кутиши мумкинлиги ҳақида тахмин қилишганди.
Аммо Оқ уй вакиллари Байден бундай гаплар айтмаганини билдирди. «Бу тўғри эмас. Президент Байден Россия февралда Украинага бостириб кириши мумкинлиги бўйича реал хавф мавжудлигини айтди. У аввал ҳам бу ҳақда очиқ гапирган, биз ҳам бир неча ойдан буён бу ҳақда огоҳлантириб келмоқдамиз. Бундан ошиқча ёки фарқли хабарларнинг барчаси ёлғон», дея твиттерда Маркардтга жавоб ёзган Америка маъмуриятининг миллий хавфсизлик кенгаши расмийси Эмили Ҳорн.
CNN шахси сир сақланиши шарти билан гапирган украиналик юқори мартабали амалдорга таянган ҳолда икки президент суҳбати, Россия таҳдиди кўлами борасидаги фарқли фикрлар туфайли «у қадар силлиқ ўтмагани» ҳақида хабар қилган. Манба маълумотига кўра, Байденнинг «босқин муқаррарлиги» ҳақидаги огоҳлантиришига жавобан Зеленский ўз позициясини такрорлаб, Россия томондан таҳдид бор бўлса-да, бу «ноаниқ» экани ва россияликлар ҳужум қилиши факт эмаслигини айтган.
Аммо Украина президенти матбуот хизмати бу хабарларни рад этди. «Ижтимоий тармоқларда гўёки Украина расмийсига асосланган ҳолда президент Владимир Зеленский ва Жо Байден ўртасидаги музокараларга оид экани айтилган маълумотлар тарқалди. Бу хабарлар мутлақо асоссиз», дея ёзган фейсбукда Зеленскийнинг матбуот котиби Сергей Никифоров.
Путин: Ғарб Россиянинг хавотирларини инобатга олмади
Оқ уй баёнотига кўра, мулоқот вақтида президент Байден «агар Россия Украинага бостириб кириш ҳаракатларини давом эттирса, Қўшма Штатлар ўз иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан биргаликда қатъий жавоб қайтаришини тасдиқлаган». Украина президенти твиттерида ёзишича, улар «вазиятни юмшатиш бўйича олиб борилаётган дипломатик ҳаракатларни муҳокама қилиб, келажакдаги ҳаракатларни келишиб олишган».
Британия етказиб берган танкка қарши ракета мажмуасини кўтариб турган украин ҳарбийси / EPA
Россия бир неча бор Украинага қарши ҳарбий тажовуз қилмоқчи эмаслиги, аммо ўз хавфсизлигини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлаб келади. Шунингдек, Москва НАТО мамлакатларидан альянс шарқ томон кенгаймаслиги ва Украина ташкилот аъзолигига қабул қилинмаслиги бўйича кафолат тақдим этилишини талаб қилади. Аммо АҚШ ва Шимолий Атлантика альянси шу ҳафтада Россияга бу талаблар бўйича расмий хат йўллади, жавобда очиқ эшиклар сиёсатига содиқлигини билдириб, Москванинг талабларини рад этди.
Жума куни Ғарбнинг жавобига Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров муносабат билдирди. «Агар Европада хавфсизликни таъминлаш бўйича ўзаро мақбул тамойиллар асосида келишиб олишга бўлган уринишларимиз натижа бермаса, биз жавоб чораларини кўрамиз», дея унинг Россия радиосига берган интервьюсидан иқтибос келтиради «Интерфакс» агентлиги. Янги уруш эҳтимолига Россия ТИВ раҳбари шундай изоҳ берган: «Россия Федерацияси томондан [Украина билан] уруш бўлмайди. Аммо мен кимдир ҳарбий ҳаракатлар қўзғатишни хоҳлашини истисно эта олмайман».
28 январь куни яна бир муҳим мулоқот ўтказилди: Франция президенти Эммануэль Макрон Россия президенти Владимир Путин билан гаплашди.
Кремль хабарига кўра, мулоқот вақтида Путин Ғарб Россияга қулоқ солмаётганини айтган. «Америка ва наточиларнинг жавобларида Россиянинг НАТО кенгайишига йўл қўймаслик, Россия чегаралари яқинида зарба берувчи қурол тизимларини жойлаштирмаслик, шунингдек блокнинг Европадаги ҳарбий салоҳияти ва инфратузилмаларини 1997 йилдаги позицияга қайтариш каби принципиал талаблари ҳисобга олинмаган», дейилади Путин матбуот хизмати хабарида.
«Шимолий оқим-2» билан нима бўлади?
Пайшанба куни АҚШ Россия Украинага бостириб киргудек бўлса, россияликлар гази Ғарбий Европага етказиладиган «Шимолий оқим-2» газ қувури фойдаланишга топширилишини тўхтатиб қўйиш билан ҳам таҳдид қилган. «Шимолий оқим-2» Россиядан Германияга келади, пайшанба куни Берлиндаги расмий шахслар ҳам Украинага босқин рўй берса, лойиҳа санкцияга учраши мумкинлиги ҳақида гапиришди.
Болтиқ денгизи остидан ўтган 1225 км узунликдаги қувур беш йил мобайнида қурилган ва 11 миллиард долларга тушган. У фойдаланишга топширилгач, Россиянинг Германияга газ экспорти икки баробар ошади.
Аммо ноябрда Германия ҳукумати унинг қурилиши мамлакат қонунчилигига тўғри келмаслигини маълум қилиб, зарур ҳужжатлар тақдим этилмагунча ушбу лойиҳани вақтинча тўхтатганди.
«Агар Россия Украинага бостириб кирса, «Шимолий оқим-2» бўйича олдинга силжиш бўлмайди. Биз германиялик иттифоқчиларимиз билан кенг кўламли маслаҳатлашувлар ўтказдик. Мен бугун тафсилотларни маълум қилмоқчи эмасман, аммо биз Германия билан қувур фаолияти «ўлик нуқта»дан силжимаслигини таъминлаш учун ишлаймиз», деган брифингда АҚШ давлат котиби ўринбосари Викрория Нуланд.

Комментарии (0)

Оставить комментарий