Украинадаги америкаликларга мамлакатни тарк этиш маслаҳат берилди, британиялик дипломатлар кетишни бошлади
АҚШ Давлат департаменти Украинада бўлиб турган америкалик дипломатлар оила аъзоларини мамлакатни тарк этишга чақирган. Бу ҳақда Давлат департаментига асосланиб Reuters ёзмоқда.
Хабарда айтилишича, АҚШ Украинадаги дипломатларга ҳам Киевни тарк этишга рухсат берган. Бу Америка ҳукумати Россия Украинага агрессив ҳаракатларни бошлашига тайёрланаётганидан далолат, дейилган Reuters хабарида.
Американинг Киевдаги элчихонаси Украинада бўлиб турган америкаликларга ҳам мурожаат билан чиқиб, уларни кетишга чорлади.
«Россия ҳарбий ҳаракатни исталган вақтда бошлаб қолиши ва бундай ҳолатда АҚШ фуқароларини эвакуация қилиш имконсиз бўлиб қолиши мумкин. Украинада бўлиб турган америкаликлардан ишларини шунга қараб режалаштиришни сўраб қоламиз.
Аслида минтақадаги вазиятда янги ҳеч нарса содир бўлгани йўқ. Вазият 2014 йилдан буён бир хил кескин. Ўтган йил апрел ойидан буён Россия Украина чегарасида қўшин тўплай бошлади ва шу сабаб вазият бироз кескинлашди», дейилган элчихона баёнотида.
Украина ташқи ишлар вазирлиги эса АҚШ элчихонасининг бу ҳаракатини ҳаддан ташқари эҳтиёткорлик ва воқеалар ривожидан илгарилаб кетиш деб баҳолади.
Ғарб нашлари 2021 йил октябр ойидан буён Россия Украина чегарасида 100 минг аскар тўплагани ҳақида ёзади. Кейинчалик бу факт расмий доираларга ҳам кўчди ва Ғарб Россия Украинага бостириб киришга тайёрланмоқда деб ҳисоблай бошлади. Россия эса айбловларни рад этиш билан бирга НАТОдан Украина ҳеч қачон алянсга кирмаслиги бўйича кафолат талаб қиляпти.
Давлат департаментининг фуқаролар ва дипломатларнинг оиласига мурожаати Британия Украина воқеалари билан боғлиқ янги тафсилотни эълон қилгач, қайсидир маънода шошилинч кўринишда берилди. Британия ташқи ишлар вазирлиги Россия Украина раҳбарлигида Олий рада собиқ депутати Евгений Мураевни кўрмоқчи экани ҳақида ёзганди. Британияликларнинг фикрича, айнан Мураев руспараст кучлар етакчиси сифатида қаралмоқда.
Собиқ депутат бу бўлмаган гап эканини айтиб, хабарни «устидан совуқ сув қуйилгандек» қабул қилганини таъкидлади. Мураевнинг айтишича, у 2018 йил Россия санкциясига учраган, Россиядаги қариндошларининг активлари музлатилган. Мураев Британия ҳукуматини судга бермоқчи эканини айтди.
Қўшинлар сони оширилади
АҚШ президенти Жо Байден НАТОнинг Шарқий Европадаги контингенти кучайтирилиши ҳақида ўйламоқда. Тахмин қилинишича, АҚШ президенти ҳудудга 5 минг нафаргача қўшимча аскар юбормоқчи. Аммо аскарлар Украинага юборилмайди.
АҚШ ва Британия олдинроқ Украинага ҳарбий кўмак юборган эди. АҚШда ҳозирча Россияга қарши фақат иқтисодий санкциялар ҳақида гапиришмоқда.
Британия ҳам дипломатларини чиқара бошлади
АҚШдан кейин Британия ҳам Украинадан дипломатларини чиқаришни бошлади. Бу Россия Украинага бостириб кириш хавфи ошгани билан боғлиқ.
«Киевдаги элчихонанинг баъзи дипломатлари ва оила аъзолари ортга қайтарилмоқда. Сабаби Россиянинг Украинага бостириб кириш хавфи ошган. Аммо элчихона очиқ қолади ва одатдаги тартибда фаолиятини давом эттиради», дейилган Британия ТИВ баёнотида.
Олдинроқ Британия ҳукумати Россия Украинага бостириб кирса, минглаб одамлар қурбон бўлишидан огоҳлантирганди.
Комментарии (0)