Медведев Россия ва АҚШнинг Венесуэладаги мақсади ҳамда Украина ҳақида гапирди

Медведев Россия ва АҚШнинг Венесуэладаги мақсади ҳамда Украина ҳақида гапирди
Болгариянинг «Труд» газетасига берган интервьюсида Россия бош вазири Дмитрий Медведев АҚШнинг Венесуэладаги вазиятга эҳтимолий ҳарбий аралашув ҳақидаги баёнотларидан ташвишда эканини билдириб, бу вазиятда Россиянинг мақсади тинчликка эришишлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ушбу республикадаги инқироз Россия ва АҚШ ўртасидаги глобал қарама-қаршилик масаласи эмас. Россия бош вазирининг билдиришича, икки давлат ўртасидаги кескинликларга қарамасдан, Москва ҳамда Вашингтон ўртасидаги муносабатларда «глобал мухолифат» узоқ вақтдан бери мавжуд эмас.
«Совуқ уруш руҳидаги бундай ҳолатлар алдамчи. Улар фақат эътиборни ушбу республикада рўй бераётган воқеалар моҳиятидан олиб қочишга ёрдам беради», - дея маълум қилди Медведев.
Россия ҳукумати раҳбарининг таъкидлашича, АҚШ «Монро доктринаси руҳида» яна хорижий мамлакатлардаги ўзига ёқмаган ҳукуматларни ағдариб ташлашга ҳаракат қилмоқда. У «барча лотин америкалик дўстлар» бу ҳақда ўйлаб кўриши кераклигини билдирди.
«Россия хоҳлаётган натижа - Венесуэладаги тинчлик. Бунга фақат халқаро миқёсдаги ҳар томонлама ҳурмат билан амалга ошириладиган мулоқот орқали эришиш мумкин», - дея қўшимча қилиб ўтди Медведев.
Унинг қайд этишича, Венесуэладаги «муросасиз» мухолифат «чет элдан кучли таъсир остида» қолган.
Шунингдек, Дмитрий Медведевнинг айтишича, 31 март куни бўлиб ўтадиган сайловлардан сўнг, Москва Украина янги раҳбарияти билан мулоқот ўтказишга тайёр. Бироқ, унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги «ҳалол бўлмаган» сайлов кампанияси сабабли келажакда ким билан мулоқот ўтказилишини ҳозирча тушунмаяпти.
Шу тариқа, Россия бош вазири Украина президентлигига номзодлардан қайсидир бири сайланса, Москва Киев билан муносабатларни яхшилашга умид қиляптими, деган саволга жавоб қайтарди. Медведевнинг жавобига кўра, Россия, ҳар қандай ҳолда, қўшни украиналикларнинг танловига ҳурмат билан қарайди.
«Украинада президентлик сайлови бўйича қаттиқ, ҳалол бўлмаган сайлов кампанияси кетяпти. Буни кузата туриб, Россия Украинада ким билан мулоқот қилиш мумкинлигини ҳозирча тушунмаяпти», - деди Медведев.
Шунингдек, унинг қайд этишича, агар манфаатдор бўлса, Россия янги раҳбарият билан мулоқотга очиқдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Павел Климкин Россия ва Беларусь Украинадан келиб чиққани ҳақида маълум қилганди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий