Қирғизистон президенти истеъфога чиқди

Қирғизистон президенти истеъфога чиқди

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқди. Бу истеъфо амалда янги бош вазир Садир Жапаровнинг талаби билан рўй берди. Жапаров 14 октябрь куни Жээнбеков билан учрашув ўтказган ва талабини билдирган, аммо президент лавозимини тарк этишни истамаганди. Бу ўзгаришлар Жапаров қамоқхонадан озод этилган намойишлар фонида бўлмоқда.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков бугун, 15 октябрь куни, қирғиз халқига мамлакатдаги мавжуд ижтимоий-сиёсий вазият туфайли мурожаат билан чиқди
«Азиз ватандошлар! Мамлакатимиз пойтахти Бишкек шаҳрида ижтимоий-сиёсий вазият кескинлигича қолмоқда. Кеча Жўқорғи Кенгеш ҳукумат таркибини тасдиқлади, мен Қирғизистон Республикаси президентининг тегишли лавозимларга тайинлаш тўғрисидаги фармонларини имзоладим. Аммо, бу кескинликни юмшата олмади.
Мен учун Қирғизистонда тинчлик, мамлакат яхлитлиги, халқимизнинг бирлиги ва жамиятдаги осойишталик ҳамма нарсадан устундир. Мен учун ҳар бир ватандошимнинг ҳаётидан азизроқ нарса йўқ. Мен ҳокимиятни ушлаб турмаяпман. Мен Қирғизистон тарихида қон тўкиб, ўз фуқароларига ўқ узган президент сифатида қолишни истамайман. Шунинг учун мен истеъфога чиқишга қарор қилдим», дейилади президент сайтида жойлаштирилган баёнотда.
Шу кунларда Жээнбеков янги бош вазирнинг истеъфо тўғрисидаги талабини рад этганди.
Чоршанба куни тонгда у Жапаровни ҳукумат раҳбари этиб тайинлаганди. Бу иккинчи уринишда рўй берди. Парламентнинг биринчи тайинлови президент томонидан рад этилган, у буни бош вазирни тайинлаш учун ўтказилган йиғилишда парламентда етарли миқдорда депутатлар иштирок этмагани билан изоҳлаганди.
Президент Жапаровни бош вазирликка тайинлаши билан у президентнинг истеъфосини талаб қила бошлади.
«Президентнинг истеъфоси - халқ талаби. Бугун мен президентнинг олдига кираман, биз бу масалани ҳал қиламиз», - деганди Жапаров журналистларга.
Бу вақтда ҳукумат биноси олдида Жапаровнинг тарафдорлари йиғилган ва президент истеъфосини талаб қилиб митинг бошлаганди.
Президент билан учрашувда янги бош вазир яна бир бор ундан зудлик билан истеъфога чиқишни талаб қилган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати ҳам хабар берган. Чоршанба кунги учрашув вақтида президент бу талабни бажаришдан бош тортганди.
«Президент 9 октябрь куни баён қилинган позициясида қатъий турибди: у мамлакатни ҳуқуқий йўлга қайтаргач — парламент сайлови ўтказилганидан ва президентлик сайлови эълон қилинганидан кейин истеъфога чиқади», деганди президент матбуот котиби Толгонай Стамалиева.
«Сооронбай Жээнбеков яна бир бор ҳозирда президент лавозимини тарк этишга ҳақли эмаслигини таъкидлаб ўтди, чунки бу давлатга зарар келтирадиган воқеалар ривожига олиб келиши мумкин», - дейилган унинг баёнотида.
 Жээнбеков истеъфо ҳақидаги баёнотида яна бир бор ўйлаб кўрганини айтиб ўтган: «Афсуски, тажовуз сусаймаяпти, зудлик билан истеъфога чиқишим ҳақида талаб давом этмоқда. Ҳозирги вазият икки томонлама зиддиятга яқин. Бир томондан - намойишчилар, бошқа томондан - ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари. Ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари давлат қароргоҳини ҳимоя қилиш учун қурол ишлатиши шарт ҳисобланади. Бундай ҳолда, қон тўкилади, бу муқаррар. Иккала томонни ҳам фитналарга берилмасликка чақираман».

Комментарии (0)

Оставить комментарий