Москва Қирғизистондаги вазият барқарорлашишига ишонч билдирмоқда

Москва Қирғизистондаги вазият барқарорлашишига ишонч билдирмоқда

Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Қирғизистондаги вазиятдан «чуқур ташвишдалиги»ни билдирди ва бу вазиятни «тартибсизлик ва хаос» деб атади.

«Умид қиламизки, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси вазифасини бажарувчиси вазиятни барқарорлаштиришни уддалайди», дея қўшимча қилган Кремль вакили.
Генерал Омурбек Суваналиев 6 октябрь куни маҳаллий нашрларга берган интервьюсида ҳукуматдаги бўшлиқ ва президент Сооронбай Жээнбеков йўқлиги туфайли Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари лавозимларини ўз зиммасига олиши ҳамда мамлакатдаги кучишлатар тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштиришини айтганди.
У ФСБ (Федерал Хавфсизлик Хизмати) директори Александр Бортников билан телефон орқали мулоқот қилган.
Қирғизистон Россия билан бирга Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти (КХШТ) ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси ҳисобланади. Ушбу мамлакат ҳудудида Россия ҳарбий-ҳаво базаси жойлаштирилган.
Дмитрий Песков Москва ҳозирда Сооронбай Жээнбековга бошпана тақдим этиш масаласини кўриб чиқмаётгани ва у Россияга келмоқчилиги ҳақида маълумот йўқлигини айтиб ўтган.
Песков Қирғизистондаги вазият бўйича батафсил баҳо беришдан тийилган: «У ерда айнан нима бўлаётганини ўша жойдаги одамлардан сўраш керак».
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7-8 октябрь кунларида Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари билан телефон орқали боғланиб, Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилди. Барча мулоқотларда Қирғизистондаги вазият ушбу мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез фурсатда барқарорлашишига умид билдирилди.
Бишкекдаги тартибсизликлар: намойишчилар Оқ уйни эгаллади, сайлов натижалари бекор қилинди
Қирғизистонда нималар бўлмоқда?
Қирғизистонда Оқ уй ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биноси қамал қилинганидан буён тўртинчи кундирки ҳокимият учун кураш кетмоқда. Мамлакатда 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловлари натижалари унда иштирок этган 16 партиядан 12таси томонидан тан олинмаган, мухолифатдаги партиялар ўз тарафдорларини тинчлик митингларига чорлашганди, митинг намойишчиларнинг милиция билан тўқнашувларига айланиб кетди.
Ўшандан буён мамлакат президенти Сооронбай Жээнбеков қирғизистонликларга фақат видеоалоқа орқали мурожаат қилмоқда, у айнан қаердалиги маълум эмас. Президентнинг матбуот хизмати у Қирғизистон пойтахтида эканини маълум қилган.
Давлат раҳбарининг матбуот котиби Тўлғоной Истамалиева «Интерфакс» мухбирига берган интервьюсида Қирғизистон президенти ўз ихтиёри билан ваколатларини топшириши масаласи кўриб чиқилмаётганини маълум қилди. У шунингдек, Қирғизистон бош вазири Кубатбек Бороновнинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризаси келиб тушмаганини ва президент бош вазир истеъфосини қабул қилмаганини билдирган.
Қирғизистон МСК сайлов натижаларини бекор қилган ва бир ойдан кейинга янги сайловлар белгилаган. Сайлов қандай ўтиши ва унда қайси партиялар қандай таркибда иштирок этиши ҳозирча номаълум.

Мамлакатнинг амалдаги парламенти якшанба кунидан буён тўлиқ таркибда йиғила олмаяпти, бу эса намойишчилар талаб қилаётган президентга импичмент эълон қилишга ва янги бош вазирни тайинлашга имкон бермаяпти.
Оқ уй биноси, бош прокуратура ва асосий давлат телеканали намойишчилар томонидан эгаллаб олинган бўлсада, президент шу вақтгача ўз ваколатларини топширмаган.
Ўзини бош вазир деб эълон қилган Садир Жапаров ўз мурожаатларидан бирида президентни ўзгартирмасликни таклиф қилиб, у ўз президентлик муддатини охиригача етказиб қўйиши кераклигини айтганди.
Ҳокимият кураши бошқа тузилмаларда ҳам кечмоқда, тартибсизликлардан кейин бир неча мэр ва губернатор истеъфо берган.
«Ҳеч ким йўқ»

«Ҳозир ҳеч ким ҳокимият кимнинг қўлида эканини билмайди. Хавфсизлик ва тартиб бўйича қонуний ҳокимият - бизмиз. Бош вазир, бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва бошқалар - ҳеч ким йўқ. Ҳозирча президент ҳам йўқ. Барча тушкунликка тушган кўринади», деган Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Омурбек Суваналиев.
У «талончиликлар ва тартибсизликларнинг олдини олиш устида ишланаётгани», аммо намойишчиларга ўт очилишига йўл қўйилмаслигини билдирган. Суваналиев чегарачиларга «мамлакатдан бирор амалдор чиқиб кетишига йўл қўймаслик» бўйича кўрсатма берган.
Яқин вақтлар ичида у 4 октябрдаги сайловларда парламентга кириш учун етарли овоз тўплай олмаган мухолифатдаги 12 партия етакчилари билан учрашув ўтказишни режалаштирган.
Суваналиев мамлакатда сиёсий вазият кескинлигича қолаётганини таъкидлаган.
«Сиёсий партиялар келиша олишмаяпти. Биз тўқнашувлар рўй бермаслиги учун кучишлатар тузилмалар билан барча чораларни кўрамиз. Партиялар вазият издан чиқмаслиги учун музокаралар столига ўтириши керак», деган у.
5 октябрь куни кечга яқин Бишкек ва Қирғизистоннинг бошқа шаҳарларида сайловчиларнинг овозлари сотиб олинганини даъво қилган мухолифатчилар оммавий намойишларни бошлашганди. Намойишчилар бирин-кетин ҳукумат биноларини эгаллашди. 
Иккита мухолиф партия ўз вакилларини бош вазир сифатида эълон қилган. 
8 октябрь куни Бишкек шаҳрида минглаб кўнгиллилар кўчаларда тартибсизликлар ва талончиликлар келиб чиқмаслигини таъминлаш учун милиция билан ҳамкорлик қилиши маълум қилинди.
Омурбек Суваналиев ким?
60 ёшли сиёсатчи ўз фаолиятини 1981 йилда ички ишлар тизимида бошлаган ва шов-шувли ишлари туфайли «қирғизлар Каттаниси» лақабини («Спрут» сериалидаги комиссар Каттани) олганди. 
Сўнгги 20 йилда фаол равишда сиёсат билан шуғулланган, 2006-2007 йилларда ички ишлар вазири бўлган, 2008-2009 йилларда Нарин областига губернаторлик қилган, кўп марта сиёсий саҳнадан кетган ва яна қайтиб турли лавозимларда ишлаган, у ўзини «истеъфо бериш бўйича чемпион» ва «кучишлатар тузилмаларда инқирозли вазиятлар бўйича менежер» деб атаган.
2019 йил февралида Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимига тайинланган, кейинроқ парламентга «Бутун Қирғизистан» партиясидан сайланиш мақсадида лавозимини тарк этганди. 4 октябрдаги сайловларида 7,1 фоиз овоз олиб, парламентга кирган бу партия сайловда 7 фоизлик довондан ўтган 4 партия орасида амалдаги ҳукуматга яқин бўлмаган ягона партия ҳисобланади.

Комментарии (0)

Оставить комментарий