Тожикистонда коронавирус сабабли масжидлар ёпилгани, мактаблар эса ёпилмагани сабаби тушунтирилди
Тожикистон расмийлари коронавирус эпидемияси сабабли мамлакатда масжидлар ёпилгани, мактаблар эса ёпилмагани сабабини тушунтиришди.
Фото: ДиалогТожикистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлигининг коронавирус олдини олиш штаби бошлиғи Мирҳамуддин Камолзоданинг маълум қилишича, республикада олий ва ўрта таълим муассасалари карантинга ёпилмайди.
4 март куни Тожикистон уламолари кенгаши соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиясига кўра, имом-хатибларга масжидларда жамоат намозларини вақтинча ўтказмаслик тавсияси билан мурожаат қилган.
Шундан кейин республикадаги барча масжидлар ёпилган. Камолзоданинг таъкидлашича, Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилмаган бўлса-да, ҳокимият нафақат масжидлар, балки бошқа бир қатор муассасалар фаолиятини чеклашга мажбур бўлмоқда.
Камолзода мактаблар, коллежлар ва олий таълим муассасаларида ўқувчилар ва талабалар мунтазам кўрикдан ўтказилаётгани ва ота-оналарга маслаҳатлар бериб борилаётганини маълум қилган.
“Ҳарорати юқори ёки нафас олишида шикояти бўлган болалар шифокорларга мурожаат қилишлари лозим, улар таълим муассасасига ташрифлардан озод қилинадилар. Вазирлик мактаблар ва ОТМларга ўқувчилар ва талабалар ҳароратини ўлчаш учун термометрлар харид қилиш вазифасини топширган. Барча таълим муассасаларида уларнинг ёпилишини истисно қилувчи, биноларни зарарсизлантириш каби эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилмоқда”, деб маълум қилган мутахассис.
“Республиканинг йирик шаҳарларидаги масжидларга хорижликлар ҳам келиб намоз ўқийди. Маълумки, коронавирус ҳаво-томчи йўли билан юқади. Бизда масжидларни кунига 6-7 марталаб тозалаш ва гиламларни хлорли воситалар билан зарарсизлантириш имкони йўқ”, деб таъкидлаб ўтган Камолзода ва ҳокимият томонидан бу борада бошқа мусулмон давлатлар тажрибаси ўрганилганини қўшимча қилган.
Шунингдек, Тожикистон таълим ва фан вазирлиги соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиясига кўра, Наврўз байрамига тайёргарликни тўхтатган.
Комментарии (0)