Ўзбекистон-Тожикистон: Ҳечдан кӯра, кеч яхшими?

Ўзбекистон-Тожикистон: Ҳечдан кӯра, кеч яхшими?
Самарқанд- Панжакент йӯналишида ӯзбек-тожик чегарасига ӯрнатилган пиёдаларга қарши миналарни тозалаш ишлари бошланиши ҳақидаги хабар Тожикистоннинг Суғд вилоятидаги бошқа миналаштирилган ерларга яқин манзилларда яшаётган кишиларда ҳам умид уйғотди.
- Ҳечдан кӯра, кеч дейдилар. Гарчи дастлабки инсон талафотига олиб келган мина портлашидан ӯн саккиз йилдан кӯпроқ вақт ӯтгач, миналарни тозалашга киришилган бӯлса-да, бу жараённинг тӯлиқ охиригача етказилишига ва чегараолди қишлоқларида яшаётган кишиларни қӯрқув бутунлай тарк этишига ишонаман, - дейди маҳаллий таҳлилчи Аҳмад Бобожонов.

Дастлабки даҳшатли портлаш

Расмий маълумотларга кӯра ӯзбек-тожик чегарасида одамлар қурбон бӯлган дастлабки портлаш 2000-йилнинг 29-августида юз берган эди. Шу куни Исфара туманидаги Қизилпилол қишлоғида яшаётган икки аёл ва икки қизалоқ мина портлашида ҳалок бӯлганди. Яна бир аёл ва унинг қизи яраланганди. Уч аёл қизларни олиб, одатдаги юмуш - ӯтин териш учун тоққа чиқишганди.Тоғнинг нариёғи эса, Фарғона вилоятининг Бешариқ туманига қарашли.
- Тоғда миналар қӯйилгани ҳақида бирон-бир огоҳлантириш белгиси йӯқ эди. Ҳеч ким бизга тоққа борманглар, деб айтмаганди,- дейди даҳшатли портлашда оғир яраланиб, кӯп қон йӯқотса-да тирик қолган, беморхонада узоқ вақт даволанган Мужибахон Ҳожиева.
Бу портлашда Мужибахоннинг олдинроқда бораётган катта қизи Гулпари ҳалок бӯлади. Кичик қизи Гулдона эса, қӯлидан яраланади ва онаси даҳшатга тушган ҳолда уни қон чакиллаб турган бағрига босиб, тоғдан пастга қараб югуради.
Бу воқеадан кейин Суғд вилоятининг турли томонларидан мина портлашлари туфайли ҳалок бӯлган ё яраланган кишилар ҳақида хабарлар тарқала бошлайди. Ӯзбекистон томони эса, жангариларнинг суқилиб кириши ва ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси олдини олиш мақсадида фақат ӯз ҳудудига миналар ӯрнатилганини маълум қилади.
Тожик томони эса, икки мамлакатнинг туташ ерлари кимга тегишли эканлиги аниқланиб, белгиланмаган экан, ўртадаги чегарани миналаштириш тўғри эмаслигини таъкидлаб бошлайди.
Ниҳоят, Ўзбекистон ҳукумати ўзбек-тожик ва ўзбек-қирғиз чегараларини минадан тозалашга киришилиши ҳақида билдирди. Лекин бунинг учун катта маблағ зарурлиги айтилиб, хорижий мамлакатлардан иқтисодий кўмак сўралган. Кўмак берадиганлар топилгунча орадан яна ўн йилдан кӯпроқ вақт ўтиб кетди.
Шамол учирган парашютРасмий маълумотларга қараганда ӯзбек-тожик чегарасида 200 нафардан ортиқ тожикистонлик минада портлаб, жабрланган. Уларнинг деярли ярми ҳалок бӯлган. Яраланганларнинг кӯпчилиги оёғидан, кӯзидан ажралган, бир умр мажруҳ бӯлиб қолган.
- Бу кишиларнинг биронтаси на жангари бӯлган, на гиёҳванд модда олиб ӯтмоқчи бӯлган, - дейди миналар масаласи бӯйича мутахассис Жонмаҳмад Ражабов.
Унинг айтишича, фақат оддий одамлар, ӯтин, иморат учун тош териш учун тоққа борган, мол-қӯй боқаётган инсонлар ҳалок бӯлишган ё яраланишган.
Расмийларнинг билдиришларича, минада жабрланганлар орасида бир нафар ҳарбий ҳам бор. Лекин у Ӯзбекистон Қуролли кучларида хизмат қилган. Ҳарбий машқ пайтида қаттиқ шамол аскар ва икки қуролдошининг парашютини Тожикистон томон суриб кетган. Парашютчи Исфара тумани ҳудудига тушган. Бу ҳарбий чегарадан қайтиб ӯтаётганда, минага дуч келиб, яраланган.

Китоб ва Ургут орасида

Бошқа бир ӯзбекистонлик - Қашқадарёнинг Китоб туманида яшаган отахон эса, айнан ҳозирда миналар тозалашга киришилган Самарқанд-Панжакент йӯналишида жон таслим қилган. Марҳум ӯғли ва ҳамқишлоқлари билан Китобдан Самарқанднинг Ургут бозорига борган. Қайтишда йӯлни яқинроқ қилиш учун Ургут ва Китоб орасидаги Панжакентнинг Фороб қишлоғидан ӯтмоқчи бӯлган. У Ургут-Панжакент чегарасига қӯйилган минада портлаб, ҳалок бӯлган.
- Панжакентда Хурми, Омондара, Моғиён каби Ӯзбекистон билан чегарага яқин қишлоқ жамоатларида минага дуч келиб, қурбон бӯлиш ҳоллари юз берди. Лекин айни шу Фороб қишлоқ жамоатида минада портлаш ҳоллари энг кӯп бӯлди, - дейди панжакентлик журналист Шоҳин Облоқулзода. - Бу қишлоқда яшайдиган беш инсон бирваракайига минада портлаб, ҳалок бӯлди. Фороблик бир йигит уйланаётганда Ургут бозорига харидга бориб, қайтишда ҳалок бӯлди. Эртасига тӯйи бӯлиши керак эди. Менинг ҳисобимча, ӯзбек-тожик чегарасида ҳалок бӯлганлар сони камида 27 нафар.
Журналистнинг айтишича, бундан йигирма йил олдин Самарқанд ва Панжакентни бирлаштириб турувчи ягона чегара-назорат нуқтаси - Саразм_Жартепа бутунлай ёпиб қӯйилгач, одамлар қонунни бузишларини билган ҳолда, хавф-хатарга қарамай, Ӯзбекистон томон отланаверишган.
Унинг айтишича мина қурбонларининг кӯпчилиги чегарага яқин ерда мол боқиб юрган ё Ӯзбекистон томонида яшайдиган қариндошларини кӯриб келишга отланган кишилар бӯлган.
- Ҳалок бӯлган ёш йигитлардан бири Хурми қишлоғида яшарди. Унинг онаси Хурмига Самарқанддан келин бӯлиб тушганди. Йигит ӯзбекистонлик қариндошларини кӯриш учун бораётганда чегарадаги минада портлаб, ҳалок бӯлган. Ҳозирда чегарадаги минадан тозалаш ишлари бошланганини эшитиб, ҳаммамиз хурсанд бӯляпмиз. Чунки биз ӯзбекистонликлар билан фақат қуда-анда, қариндош эмас, балки қондошмиз. Энди чегарага яқин яшайдиган одамлар мол боқиш учунми, равоч каби шифобахш ӯсимликларни териш учунми, чегарага қӯрқмасдан бора оладилар.
Таҳлилчиларнинг айтишларича. Шимолий Тожикистоннинг бошқа туманларида ҳам Ӯзбекистондан тушган келинлар кӯп.
- Бизнинг Равот қишлоғимизга Фарғонанинг Бешариқ туманидан келин бӯлиб тушган онахонимизнинг ӯғли ва келини пилла қурти учун тут барги кесишга боришганда, тутшохи ортилган эшаклари минада портлаши натижасида ӯзлари ҳам ҳалок бӯлишганди, - дейди конибодомлик Маъруфжон Ортиқов. - Онахоннинг ӯзлари ҳам оғир ғамни кӯтара олмадилар. Жойлари жаннатдан бӯлсин.

Жавобсиз қолган мурожаатлар



Жонмаҳмад Ражабовнинг айтишича, Ислом Каримов Ӯзбекистонни бошқарган йилларда Тожикистон Ташқи Ишлар вазирлиги чегарадаги миналар муммосини ҳал этишни, миналаштирилган майдонлар харитасини бериш борасида Ӯзбекистон томонига бир неча марта мурожаат қилган. Лекин расмий Тошкент бу мурожаатларни жавобсиз қолдирган.
Натижада Тожикистон томони миналаштирилган майдонларни мустақил равишда аниқлашга киришган. Бунда маҳаллий ҳукумат, маҳаллий аҳоли ва мутахассислар ёрдамида аввалига Ашт туманида, кейин миналаштирилган майдонлар мавжуд бошқа туманларда тахминий хариталар тузиш ишлари бошланган. Бунда ҳар бир мина портлаши ҳисобга олинган.
Расмийларнинг билдиришларича, кейинги йилларда минада портлаш ҳодисаларининг камайганига чегараолди қишлоқларида яшаётган аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилгани ҳамда ӯзбек-тожик чегарасига яқин 2 мингтадан ортиқ огоҳлантириш белгиси ӯрнатилгани сабаб бӯлган. Бу иш Тожикистон Қизил Ярим ой жамияти билан ҳамкорликда амалга оширилган.
Кузатувчиларнинг айтишларича, ӯтган йиллар давомида Тожикистоннинг Ӯзбекистон билан чегарадош бӯлмаган бошқа томонларида ӯрнатилган миналарни тозалаш жараёнида тожикистонлик мутахассислар маълум тажриба тӯплашган. Пиёдага қарши бу миналар Тожикистон ва Афғонистон чегарасида ҳамда мамлакатдаги фуқаролар уруши даврида кӯпроқ тоғларда ӯрнатилганди. Минадан тозалаш ишларида Тожикистоннинг энг асосий шериги Минасизлантириш бӯйича Швейсария хазинаси бӯлган. Тожикистонда иш кӯрган 20 тадан ортиқ минадан тозалаш гуруҳи маълум тажриба тӯплаган. Шу билан бирга мамлакатга минани аниқлайдиган механик машиналар келтирилган.
Лекин шунга қарамай, минадан тозалаш жараёнида 20 нафарга яқин киши яраланган, икки нафар сапёр эса, жон таслим қилган.

Товон пулини ким тӯлайди?

Конибодомлик Маъруфжон Ортиқовнинг айтишича, Фарғона вилояти билан чегарадош Конибодом ва Исфарада яшаётган кишилар барча тожикистонликлар каби жорий йил март ойида Ӯзбекистон ва Тожикистон ӯртасида чегаралар очилгач, қувончларидан териларига сиғишмаган.
- Энди биз томонларда ҳам миналарни тозалаш бошланишини кутяпмиз, - деди Маъруфжон.
Минадан жабрланганларга ёрдам бериш ижтимоий ташкилоти ходими Муҳаммад Бобожоновнинг айтишича эса, чегараларни миналардан тозалаш билан бирга миналаштирган томон жабрланганларга товон пули тўлашни ҳам ўйлаб кўриши зарур.

Комментарии (0)

Оставить комментарий