Четверг 19 декабря 2024 г.

Исроил Суриядаги “ҳар қандай сценарий”га қандай муносабат билдирди?

Исроил Суриядаги “ҳар қандай сценарий”га қандай муносабат билдирди?
Исроил ҳарбийлари Суриядаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда ва Сурия йўналишидаги эҳтимолий таҳдидларни бостириш учун ҳар қандай чора кўришга, жумладан, ҳужумга ҳам тайёр. Бу ҳақда Исроил армияси маълум қилди.
«Исроил армияси воқеаларни кузатиб бормоқда ва барча сценарийларга, жумладан мудофаа, ҳатто ҳужумга ҳам тайёр. Армия Сурия-Исроил чегараси яқинидаги таҳдидга тоқат қилмайди ва Исроил фуқароларига ҳар қандай таҳдиднинг олдини олиш учун ҳаракат қилади», дейилади баёнотда.

Бу баёнот Исроил ҳарбий раҳбариятининг Суриядаги вазиятни баҳолашга бағишланган тезкор йиғилиши якунлари бўйича эълон қилинди. Унда мамлакат мудофаа вазири Исроил Кац, мамлакат армияси бош штаби бошлиғи Герзи Ҳалеви ва олий армия қўмондонлигининг бошқа вакиллари иштирок этди.

Аввалроқ Сурия Мудофаа вазирлиги ҳукумат қўшинлари Ҳама шаҳридан чиқиб кетгани ҳақида хабар берган эди. Вазирлик хабарида айтилишича, армия тинч аҳоли орасида қурбон бўлмаслик учун шаҳар ташқарисига жойлашган.

Исёнчилар Ҳама қамоқхонасини эгаллаб, маҳбусларни озод қилганликларини айтишди.

Ҳама — Марказий Суриядаги худди шу номдаги вилоят маркази. Ҳозирда Сурия армияси провинцияларнинг икки пойтахти — Ҳалаб ва Ҳамани бой берди.

«Бир ҳафтадан сал кўпроқ вақт ичида улар Суриянинг иккинчи йирик шаҳри Ҳалабни тўлиқ назорат остига олишга муваффақ бўлишди, энди эса катталиги бўйича тўртинчи шаҳарни эгаллаб олишди», дейди Al-Jazeera мухбири.

Ҳама Сурия пойтахти Дамашқ мудофааси учун стратегик аҳамиятга эга. Унинг қўлга олиниши Суриянинг энг гавжум ҳудудларини боғловчи йўллар кесишган асосий марказий шаҳар — Хомсга йўл очади.

Суриядаги вазият

Исёнчиларнинг Ҳалаб провинцияси ғарбий қисмида ҳукумат кучларига қарши кенг кўламли ҳужуми 27 ноябрь куни бошланди. Икки кундан сўнг улар 2016 йилдан бери биринчи марта Ҳалаб шаҳрига кирди. Ҳужумга Суриядаги фуқаролар уруши даврида Асадга қарши чиққан «Ҳаёт Таҳрир аш-Шам» террорчилик ташкилоти бошчилик қилди.

30 ноябрь куни Сурия армияси Ҳалабдан «қўшинларни вақтинча олиб чиқиб кетиши"ни эълон қилди. Аммо Асад Сурия «дўстлари ва иттифоқчилари ёрдамида террорчиларни йўқ қилишга қодир"лигини ишонч билан таъкидлаб, терроризмни йўқ қилишни «минтақадаги барқарорлик ва хавфсизлик» гарови деб атади.

Сурия президенти Башар Асад мамлакатдаги вазият юзасидан Исроилдан ёрдам сўради. Мурожаат Асаднинг Европадаги ёрдамчиларидан бири орқали Исроил томонига етказилган. Ушбу сўровга яҳудий давлати танқидий жавоб берган. Жумладан, Исроил ҳукумати Суриядаги вазият уларни ташвишга солмаслигини айтиб, «аввало Суриядан Эронпараст кўнгиллиларни олиб ташлаш, сўнгра ёрдам сўраш» кераклигини маслаҳат берган.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий


0