Макрон: “Франция Crocus’даги теракт бўйича фойдали маълумотларга эга”

Макрон: “Франция Crocus’даги теракт бўйича фойдали маълумотларга эга”
Франция президенти Эммануэль Макрон Москва вилоятидаги Crocus City Hall’даги теракт бўйича фойдали маълумотга эга эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Коммерсант» хабар берди.


Макрон мудофаа вазири Себастьян Лекорнюдан бу борада россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан музокара ўтказишни сўраган. Франция президенти айнан қандай маълумотларга эга эканлигига аниқлик киритмаган.

«Аслида, мен тегишли вазирликлардаги хизматлар раҳбарларидан техник музокаралар ўтказишни, биринчи навбатда, ҳамжиҳатликни билдиришни сўрадим. Чунки теракт уюштириш борасида фойдали маълумотларга эгамиз. Мен тафсилотларни бу ерда ошкор қилмайман», — деди Франция президенти журналистларга.

У террор хуружларидан жабр кўрган давлатлар билан ҳамкорликни зарур деб билишини таъкидлади.

3 апрель куни бўлиб ўтган суҳбат чоғида Сергей Шойгу терактни ташкил этишда «Украина изи» борлигини маълум қилди ва Украина расмийлари, унинг сўзларига кўра, «Ғарб кураторлари розилигисиз ҳеч нарса қилмаяпти».

Эммануэль Макрон бу баёнотларни таҳдидли деб атади ва Франция ёки Украинанинг терактга алоқадорлиги ҳақидаги маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини билдирди.

Crocus’даги теракт

Москва вилояти Crocus City Hall’даги теракт 22 март куни кечқурун содир бўлди. Бир неча қуролланган киши концерт зали биносига бостириб кириб, оломонни отиб ташлаган, кейин эса бинони ёқиб юборган. Теракт оқибатида 143 киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳатланган. Ҳужумни содир этишда Тожикистоннинг тўрт нафар фуқароси айбланган, суд улар айбига иқрор бўлганини маълум қилган.

Мазкур ҳолатдан кейин Россияда мигрантларга нисбатан муносабат ўзгарган. Тожикистон президенти ҳужумни «шармандали ва даҳшатли воқеа» деб атаган ҳамда ота-оналарни фарзандлари тарбиясига жиддийроқ эътибор қаратишга чақирган.

Ўз навбатида, Россия терговчилари теракт иштирокчиларининг оиласини сўроқ қилиш учун Тожикистонга борган. Шундан кейин Ваҳдат шаҳрида яшовчи тўққиз нафар тожикистонлик Crocus’даги теракт ижрочилари билан алоқадорликда айбланиб, қўлга олинган. Ҳибсга олинганлар ИШИД билан алоқада бўлганликда ҳам гумон қилинмоқда.

Доғистонда ҳам аксилтеррор операция ўтказилиб, тўрт нафар Тожикистон фуқароси ушланган. Улар терактнинг асосий иштирокчиларини қурол ва пул билан таъминлагани айтилмоқда. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украина ҳукуматини расман Crocus City Hall’даги терактда айблаган. Украина расман мазкур айбловларни рад этган. Ўз навбатида, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими «Вилояти Хуросон» ушбу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини бир неча бор таъкидлаган.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий