Рон Десантис президентлик пойгасидан чиқди ва Трампни қўллаб-қувватлади

Рон Десантис президентлик пойгасидан чиқди ва Трампни қўллаб-қувватлади
Трамп Республикачилар партиясидан номзод бўлиш учун ўзининг асосий рақобатчиси деб атаган Флорида губернатори Рон Десантис 21 январ, якшанба куни АҚШ президентлиги сайловларида иштирок этишдан бош тортишини маълум қилди. У Доналд Трампни қўллаб-қувватлаган.
Десантис: бизда ғалаба сари аниқ йўл йўқ
Десантис ўз қарорини ҳаракатлари «исталган натижага» олиб келмаслиги билан изоҳлади. «Бизни қўллаб-қувватлаётган одамлардан ғалаба сари аниқ йўл бўлмаса, ўз вақтларини ва ресурсларини ажратишларини сўрай олмайман. Бугун мен сайловолди кампаниям тўхтатилганини эълон қиламан», — деди у X ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеомурожаатида. Видеода у Уинстон Черчиллдан иқтибос келтирган: «Муваффақият якуний эмас, муваффақиятсизлик ҳалокатли эмас: асосийси — давом этиш учун жасорат».
«Республикачилар партияси бўйича праймериз қатнашчиларининг аксарияти Доналд Трампга яна бир имконият беришни хоҳлаётгани аниқ. У билан келишмовчиликларим бўлган бўлса-да, Трамп амалдаги президент Жо Байдендан устунроқ. Мен республикачи номзодни қўллаб-қувватлашга ваъда бердим ва буни қиламан. Трампни қўллаб-қувватлайман, чунки биз ўтган йиллардаги республикачиларнинг собиқ гвардияси ёки Никки Хейли вакили бўлган қизғин корпоратизмнинг қайта қадоқланган шаклига қайтолмаймиз», деди у.
Bloomberg: Десантис ҳомийларининг мақсади — 2028 йил
Bloomberg маълумотларига кўра, 45 ёшли Десантиснинг сайловолди кампанияси баъзи донорлари унинг сиёсий капиталини сақлаб қолишни ва 2028 йилда, Трамп сайлов бюллетенида бўлмаган пайтда яна президентликка номзодини қўйишини истаяпти.
Республикачилар партиясининг праймеризларида ҳозир икки номзод — 45-президент Доналд Трамп ва АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси ҳамда Жанубий Каролина собиқ губернатори Никки Хейли иштирок этмоқда. Айова штатида 15 январ куни бошланган Республикачилар партиясининг дастлабки сайловларида Трамп — 20 та, Десантис — 8 та ва Хейли 7 та овоз олди.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий