Колорадо суди Доналд Трампга президентлик сайловида қатнашишни тақиқлади

Колорадо суди Доналд Трампга президентлик сайловида қатнашишни тақиқлади
Колорадо Олий суди 19 декабр, сешанба куни АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга штатда давлат раҳбари сайловларида қатнашишни тақиқлади. Қарор 2024 йил 4 январдан кучга киради ва 2024 йил 5 мартда бўлиб ўтадиган Республикачилар партиясининг бирламчи сайловларига тааллуқли бўлиб, унда мазкур сиёсий кучдан номзодлар давлат олий лавозимига номзод сифатида кўрсатилиши учун танлаб олинади.
Судяларнинг ҳукми мамлакат Конституциясига киритилган 14-ўзгартиришга асосланади. Бу исёнда қатнашган шахсларга фуқаролик ва ҳарбий давлат лавозимларини эгаллашни тақиқлайди. Судялар 2021 йилнинг январ ойида Трамп тарафдорлари томонидан Капитолийга бостириб кириш фитна ҳаракати бўлган деб қарор чиқарди.
Трамп Колорадодаги суд позициясига қарши чиқади
Оқ уй собиқ раҳбарининг расмий вакили Стивен Чжан суд қарорини «нодемократик» деб атади. Трамп вакиллари АҚШ Олий судига мурожаат қилмоқчи.
Трампга қарши худди шундай даъволар яна бир қанча штатларда ҳам очилган. Ноябр ойида Миннесота Олий суди собиқ президентнинг сайловда қатнашишини тақиқлашдан бош тортди, Мичиган штатида эса суд Оқ уй собиқ раҳбари сайлов бюллетенида қолиш-қолмаслигини суд тизими эмас, Конгресс ҳал қилиши керак, деган қарорга келди.
Собиқ президентга қарши 4 та жиноий иш
Доналд Трампга қарши аллақачон тўртта жиноий иш очилган. Унга барча ишлар бўйича жами 91 та айблов қўйилган, у ўз айбини тан олмаяпти. Гап Жоржиядаги сайловлардаги қонунбузарликлар, махфий ҳужжатлар билан ноқонуний ишлаш, сайловда сохталаштиришга уриниш ва президентлик кампанияси учун йиғилган маблағларнинг ноқонуний сарфланиши ҳақида бормоқда.
Шу билан бирга, Трамп 2024 йилда АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этиш учун сайлов кампаниясини давом эттирмоқда ва Республикачилар партиясидан давлат раҳбари лавозимига номзодлик учун курашда фаворит ҳисобланади. Агар у бирон бир айблов бўйича айбдор деб топилса ҳам, бу уни Қўшма Штатлар президентлигига номзодини қўйишдан маҳрум қилмайди.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий