Ўзбекистон ва Таиланд сайёҳларга турли имтиёзлар тақдим этишни режалаштирмоқда
Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги бош консули Фахриддин Султонов Таиланднинг Пҳукет провинцияси губернатори Сопҳон Суваннарат билан учрашув ўтказди.
«Дунё» хабарига кўра, мулоқотда, шунингдек, Таиланд ТИВ, Пҳукет Савдо-саноат палатаси, Туризм ассоциацияси, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таиланд томонига мамлакатда хорижий инвесторлар ва халқаро савдо учун янада қулай шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ўзгаришлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида ўзаро савдони ривожлантириш, сайёҳларни жалб этиш мақсадида уларга турли имтиёзлар тақдим этиш бўйича режалар таъкидланди.
Ўзбекистон ва Таиланд ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва консуллик соҳаларида икки томонлама алоқаларни кенгайтириш ва ҳудудлараро муносабатларни ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.
Самарқанд ва Пҳукет ўртасида биродарлашган шаҳарлар тўғрисида меморандум имзолаш, Таиланднинг мусулмон аҳолиси учун Ўзбекистонга зиёрат туризм турларини ишлаб чиқиш, мазкур провинциясида мамлакатимиз фахрий консулини тайинлаш мулоқотнинг асосий мавзулари бўлди.
Учрашув якунида 2024 йилда Пҳукет туризм маъмурияти, маҳаллий авиа ва сайёҳлик компаниялари, меҳмонхона тармоқлари вакилларининг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)