Каталония можароси яна авж олди. Мадридда 45 минг киши намойишга чиқди

Каталониянинг Испаниядан ажралиб чиқиши имконсиз деб ҳисоблайдиган «Халқ партияси» ва «Фуқаролар» партиясининг фикрича, бош вазир Педро Санчеснинг Каталония мустақиллигини талаб қилаётган сепаратистлар билан музокаралар учун ўртага одам қўйгани ватанга хиёнатнинг ўзгинасидир.

Испания ҳукумати Каталониядаги сепаратистлар билан музокаралар столига ўтириши мумкинлигини ўнг кучлар қабул қила олишмаяпти. Улар 2020 йилда белгиланган сайловларнинг ҳам олдинга сурилишини талаб қилишмоқда. Намойишчилар вакили Мейбл Кампузанонинг айтишича, бош вазир Педро Санчес Испанияни сотди ва испанлар бундай мулойим раҳбарга муносиб эмас.

Педро Санчес бунча гап-сўздан кейин жим турмади ва ўзининг Каталония муаммоси бўйича позициясини яна бир бор очиқлади: «Бизнинг социалистлар партиямиз доим музокараларни маъқул кўрган. Биз «Халқ партияси» ҳукумат тепасида туриб ўта мураккаблаштириб юборган можарони фақат шу йўл билан ҳал қилиш мумкин деб ўйлаймиз», дейди бош вазир.

Фото: EFE
Одамлар орасида ўтказилган сўровномага кўра, айни дамда Испанияда ҳукумат тепасида бўлиб турган социалистларнинг (яъни ишчилар партияси) ҳолати керакли даражада мустаҳкам эмас. Масалан, декабрда ўтказилган сайловларда ўнг кучлар ҳисобланувчи «Халқ партияси», «Фуқаролар» ва «Овоз» партиялари Андалусияда энг кўп овозга эга бўлишди ва бу ерда 36 йилдан буён давом этаётган ишчилар партиясининг гегемонлигига чек қўйилди.
Каталонияда нима гаплар?
Ўтган йил май ойида Каталония националистлари Барселона раҳбариятини қўлга олишди. Бунгача Барселона 7 ой давомида тўғридан-тўғри Мадрид томонидан бошқарилганди. Июнда ҳукумат тепасига келган Педро Санчес Каталония мустақиллиги бўйича музокаралар ўтказишни таклиф қилди.
Бироқ янги ҳукуматнинг келиши ҳам Каталониядаги вазиятни юмшата олмади. Каталонияликлар мустақиллик учун чиқишлари давлат тўнтаришига уриниш деб баҳоланганидан ҳамон дарғазаб. Декабрда Каталония раҳбари Куим Торранинг 1991 йил 10 кун давом этган урушдан сўнг Югославиядан ажралиб чиққан Словенияни олқишлаши Мадридда саросима бошланишига сабаб бўлди.
Комментарии (0)