Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини олиб борган фуқаролар жавобгарликка тортилади
Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишга нисбатан жавобгарликни назарда тутувчи 99-моддасига ўзгартиришлар киритилди, дея хабар берди Norma.
Унга кўра, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун фуқароларга ҳам энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан (1 013 000 сўмдан) 10 бараваригача (2 027 300 сўмгача) жарима жазоси белгиланди. Илгари фақат мансабдор шахслар учун жавобгарлик мавжуд эди.
Шунингдек, бинокорлик материалларини, конструкцияларини ва буюмларини ишлаб чиқаришда техник регламентлар талабларини бузганлик учун мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан (4 054 600 сўмдан) 30 бараваригача (6 081 900 сўмгача) жарима жазоси киритилди.
Эндиликда фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларида қурилиш ишларини олиб бориш:
- фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг 70 бараваридан (14 191 100 сўмдан) 100 бараваригача (20 273 000 сўмгача);
- мансабдор шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан (20 273 000 сўмдан) 150 бараваригача (30 409 500 сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар 2019 йилнинг 4 августидан кучга киради.
Комментарии (0)