Эксперт: Россияга қарши санкциялардан Ўзбекистон ва Қирғизистон кўпроқ фойда кўрди
Россияга қарши санкциялардан Арманистон, Грузия ва Қозоғистон ютди, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса энг кўп фойда кўрди. Жаҳон бозорларини ўрганиш институти директори Алексей Бобровский тегишли фикрни билдирди.
Россияга қарши санкциялардан Арманистон, Грузия ва Қозоғистон ютди, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса энг кўп фойда кўрди. Жаҳон бозорларини ўрганиш институти директори Алексей Бобровский тегишли фикрни билдирди.
«Баъзи собиқ совет давлатлари учун Россияга қўйилган санкциялар иқтисодиёт ўсишига кучли туртки бўлди. Буни, аввало, Арманистон, Грузия ва Қозоғистон ҳис этди. Бу мамлакатларга „махсус ҳарбий операция“ (Россия Украинага қарши босқинни шундай атайди) бошланганидан сўнг кўплаб фуқароларимиз кўчиб ўтди», деди Бобровский.
У кўчиб ўтишнинг таъсири қисман қисқа бўлгани, пули тугаган руслар ватанига қайтишни бошлаганини айтди.
«Гарчи Грузия ва Арманистонда Россия фуқаролари кўчиб келгандан сўнг очган компаниялар ҳамон фаолият юритаётган бўлса-да, Россия маблағлари бу мамлакатлар иқтисодиётида сақланиб қолди. Бироқ, энг узоқ муддатли самара Қирғизистон ва Ўзбекистон каби мамлакатлар қўлга киритди. Улар параллел импорт учун ўзига хос транзит марказларига айланди», деди у.
Бобровский Қозоғистон ҳам бундан ютиши мумкин бўлгани, аммо Остонанинг вазмин, эҳтиёткор позицияси туфайли «у ердан маблағлар чиқиб кетгани"ни айтди.
Россияга қарши санкциялар
Украинадаги уруш бошланганидан сўнг Россияга нисбатан кенг кўламли санкциялар жорий этилди. Бу чоралар Россия иқтисодиётига босим ўтказиш ва урушни давом эттириш имкониятларини чеклаш мақсадида кўрилган. Россиянинг йирик банклари халқаро молиявий тизимлардан узиб қўйилди. Россияга юқори технологиялар, жумладан, микроэлектроника ва ҳарбий мақсадларда ишлатиладиган ускуналар экспорти тақиқланди. Хориждаги Россия ҳукумати вакиллари, рус олигархларининг активлари музлатилди. Кўплаб халқаро компаниялар Россияда фаолиятини тўхтатди ёки мамлакатдан чиқиб кетди.
Натижада Россия иқтисодиёти қисқарди, валюта курси ва савдо кўрсаткичлари заифлашди. Нефть ва газ экспортидан олинадиган даромадлар камайди, бу эса давлат бюджетига таъсир қилди. Импорт қийинчиликлари ва Ғарб технологияларининг йўқлиги сабабли айрим соҳалар қийинчиликка учради.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)